Нурмат Отабеков: Коронавирусга чалиниш эҳтимоли, чалинмаслик эҳтимолидан кўпроқ эканлигини олим сифатида ўзим учун кашф қилдим
Ўзбекистон бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусдан даволаниш давомида аввал билмаган нимани кашф қилгани ҳақида “Shifobaxshuz” телеграм каналига берган интервьюсида айтиб ўтди.
“Мен, олим сифатида яна бир нарсани ўзим учун кашф қилдим – ушбу касалликка чалиниш эҳтимоли, чалинмаслик эҳтимолидан кўпроқ экан. Негаки, саломатлигим учун доим синчков бўлганман, сергакликни йўқотмаганман, эҳтиётимни қилганман. Тўрт ой мобайнида касаллик ўчоғида (биз фаолият юритаётган бинода лабораториялар бор эди, у ерга одамлар коронавирусга намуналар топшириш учун келиб, кетиб туришди. Баъзан ходимлар орасида касалликка чалинганлар аниқланди) бўлиб турган бўлсам-да, эҳтиётимни қила олдим. Лекин қаердадир озгина эътиборсизлик қилганманки, ушбу ҳолат касаллик юқишига сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам касалликни юқтириб олиш эҳтимоли юқори эканлигини мен ўзим учун кашф қилдим деяпман”, дейди профессор.
Республика махсус комиссияси аъзо Нурмат Отабеков бу касалликка беписанд бўлмаслик кераклигини, касалликни фақат ишонч билан, ҳаракат билан енгиш мумкинлигини ўзи учун исботлаганини қўшимча қилди. «Аслида, ҳар қандай одам ушбу касалликни енгиб ўтиши мумкин. Шундай экан, фақат ҳаракат, тузалиб кетишга ишонч, тўйимли овқатланиш, кўпроқ суюқликлар ичиш, сабзавот, мева ва кўкатлар истеъмол қилиш орқали организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлаш, касалликдан тезроқ соғайиб кетишга замин яратишига», ишонч ҳосил қилганини айтиб ўтди мутахассис.
Аввалроқ, Нурмат Отабековнинг нималарни халққа гапириб берган бўлса, касаллик клиник белгиларининг ҳаммасини ўзида кузатгани ва қандай қилиб коронавирусни юқтириб олгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, профессор қўшимча даволаш усуллари ва дори-дармонларсиз соғайиб кетгани ва қандай асоратлар қолганини маълум қилганди.