Нурободда байрам - эзгу ишлар, янги иншоотлар, юксак мақсадлар

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида Нуробод туманида байрамга муносиб туҳфалар — аҳоли турмуш фаровонлиги, саломатлиги ва ёшлар келажагига хизмат қиладиган қатор янги иншоотлар фойдаланишга топширилди.

Жумладан, Меҳнаткаш ва Сарикўл маҳаллаларида замонавий оилавий поликлиникалар ўз фаолиятини бошлади. Меҳнаткаш маҳалласидаги тиббиёт муассасаси 3 минг нафардан ортиқ, Сарикўлдаги янги маскан эса 4 минг нафардан зиёд аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконини беради. Энг муҳими, бу иншоотлар замирида инсон саломатлиги ва қадрини улуғлашдек эзгу мақсад мужассам.

Байрам арафасида ёшлар учун ҳам янги имкониятлар эшиги очилди. Сазағон маҳалласидаги 11-сонли ҳамда Сарикўл маҳалласидаги 17-сонли умумий ўрта таълим мактаблари ҳудудида замонавий спорт заллари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Энди ўқувчилар йилнинг исталган фаслида қулай шароитларда спорт билан шуғулланиб, мусобақаларга тайёргарлик кўриш ва ўз иқтидорларини намоён этиш имконига эга.

Сарикўл маҳалласида бошланган яна бир улкан бунёдкорлик лойиҳаси эса Нурободнинг келгуси қиёфасини белгилайди. Самарқанд–Қарши йўналишидаги А-378 халқаро автомобиль йўли бўйида жойлашган маҳаллада туманнинг замонавий ташриф марказини барпо этиш ишларига старт берилди. Бу ерда замонавий жамоат маконлари, истироҳат ҳудудлари, хизмат кўрсатиш ва савдо объектлари, яшил майдонлар, спорт ва велойўлаклар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Бир қарашда, булар турли йўналишдаги иншоотлар. Аммо уларни бир мақсад - инсон учун муносиб шароит яратиш, ҳудудни обод этиш ва келажак учун мустаҳкам пойдевор яратиш ғояси бирлаштиради.
Байрам кунлари Нурободда янграётган шодликлар, янги биноларга қадам қўяётган болалар, замонавий тиббиёт масканларида хизмат олаётган аҳоли, обод ва кўркам маҳаллалар — истиқлол йилларидаги бунёдкорлик сиёсатининг ҳаётий натижаларидир.

Эркин Пардаев,
туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари.