Одамийлик ўлмасин!
Бир ўртоғим автоҳалокатдан кейин ақли заифроқ бўлиб қолган. Шундай бўлса-да, рўзғор тебратишга қурби етади. Ҳозир усталик қилиб, оиласини боқяпти, укаларини ўқитяпти. Икки ой олдин дўстим билан кўришганимда уйланиш учун тўйига пул йиғиб қўйгани ва тўйни бошлаши билан хабар қилишини айтган эди. Бироқ, тўйи анча вақт кечикди.
Яқинда ўртоғимнинг отасини учратиб қолдим. Салом-аликдан сўнг дўстим ва унинг тўйи ҳақида сўрадим.
- Амаки, жўрам яхши юрибдими, анчадан бери кўрмадим, уйланмоқчи эди, тўйни бошладиларингизми?
- Э, гапирма, ўша эси паст жўрангни... - амаки боласининг камчилигини айтиб, сўкиниб ҳам қўйди.
Рости, отанинг фарзанди ҳақидаги бундай хунук гапидан кейин нима дейишни билмай, жим бўлиб қолдим. Хаёлимдан "Ўртоғим бирор ножўя ҳаракати билан отасини хафа қилиб қўйган бўлса керак", деган ўй ўтди. Ҳолатга аниқлик киритиш учун жимликни бузишга жазм қилдим.
- Тинчликми, нима гап, амаки, дўстим нимадир қилдими, - сўрадим ийманиб.
- Э, ўртоғинг ўзи бир ақли заиф бўлса, ким ҳам унга қизини беради. Уйлантирмайман, ундан кўра ишласин, оиламизга кўпроқ ёрдами тегади. Бўлмаса ана катта кўча...
Бу гапларидан тушундимки, дўстимнинг отаси тўйга рухсат бермаган.
- Амаки, у ҳам одам, унинг ҳам орзулари бор. Оила қуришни, фарзандларини улғайтириб, роҳатини кўришни хоҳлайди. Қолаверса, ўзингиз набиралар қуршовида кексалик гаштини суришни истамайсизми?
Бу гапларим дўстимнинг отасига ёқмади шекилли, уришиб берди.
- Сен кимсанки, менга ақл ўргатасан, оиламиз ишларига аралашасан?
- Амаки, қизишманг, оилангизни ишларга аралашмоқчи эмасман, ўртоғимга ачинганимдан гапиряпман. Шу ҳолида ҳамма ишни қиляпти, наҳотки, унинг ҳам бахтли бўлишга ҳақи бўлмаса? - дея жҳлидан туширишга уриндим дўстимнинг отасини.
Аммо қайда, у киши жуда жиддийлашди. Қовоғини солиб, тишини қайради менга. Афтидан, гапларимни эшитишга, ўзимни эса кўришга тоқати йўқ эди. Амакига гапиришнинг фойдаси йўқлигини тушуниб, узр сўрадим-да, жўнадим.
Лекин фикру хаёлим ўз фарзандининг ҳаётига бефарқ бўлган, унинг нуқсонини юзига солиб яшаётган ота ва кўнгли ярим ўртоғимнинг кейинги тақдири бўлиб қолди.
Хуллас, ўртоғимга ёрдам бермасам кўнглим тинчимади. Маҳалла раисининг олдига бориб, ҳолатни тушунтирдим ва масала ижобий ҳал қилинадиган бўлди.
Ишониш қийин-а? Ота ўз фарзандига шундай қилиши мумкинми, наҳотки унинг бахтини кўришни истамаса?
***
Кейинги пайтда одамларда одамийлик ўлиб бораётгандек назаримда. Инсонларни ота-бола, ака-ука, қавму қариндош, қўни-қўшни, ошна-оғайни, таниш-билиш каби ришталар боғлайди. Шу ришталар сабаб улар бир-бирлари билан муносабатда бўлади. Агар бу ришталарнинг бирортаси узилса, инсонлар ўртасида меҳр-оқибат кўтарилиб, одамийлик йўқолади. Шундай экан, бирдамлик ришталарини узманг, токи, одамийлик ўлмасин!
Фазлиддин Рўзибоев.