Одамлар “Адлия уйлари” хизматларидан қандай фойдаланяпти?

Шу йил Президентимизнинг тегишли фармони билан Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги Адлия вазирлиги таркибига бирлаштирилгач, фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари, давлат хизматлари ҳамда юридик хизмат марказлари туман ва шаҳар адлия бўлимлари таркибига киритилиб, битта бинода фаолият юритувчи ягона тизимга айлантирилди. Аниқроқ айтганда, ягона “Адлия уйлари” шакллантирилди.

Бу эса ҳуқуқий муаммоси бор ёки давлат хизматларидан фойдаланишга эҳтиёжи бўлган жисмоний ва юридик шахсларга 4 та тузилма хизматидан “Бир дарча” тамойили асосида, бир жойнинг ўзида фойдаланиш имконини берди. 

Таҳлилларга кўра, бугун вилоятимизда 4 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли сонининг ортиб бораётгани давлат хизматларига бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Буни давлат хизматларини кўрсатиш статистикаси ҳам тасдиқлайди.

Хусусан, марказларимиз томонидан 2020 йилда 661 810, 2021 йилда 780 363 та давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида кўрсатилган хизматлар сони қарийб 900 мингга етди. Эътиборлиси, мурожаатчилар ушбу хизматлардан “экстерриториал” тамойил асосида, доимий рўйхатдан ўтган ёки яшаш жойидан қатъи назар, республикамизнинг исталган жойидаги Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб фойдаланиши мумкин.

Айтиш жоизки, ўтган даврда давлат хизматларини кўрсатишда аҳолидан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномани талаб қилиш амалиётига чек қўйилди. Таҳлиллар бу йилига ўртача 18 миллион нафардан зиёд аҳолининг ортиқча қоғозбозликдан озод бўлгани, ташкилотларга бориб-келиш билан боғлиқ 200 миллиард сўмдан ортиқ харажати тежалганини кўрсатмоқда.

Бундан ташқари, жорий йилнинг 1 январь санасидан 6 турдаги давлат хизмати учун тўловлар миқдори камайтирилди, 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди. Масалан, адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъатини давлат рўйхатидан ўтказиш учун тўлов миқдори БҲМнинг икки бараваридан бир бараварига туширилди. Шунингдек, аҳолининг электрон давлат хизматларидан фойдаланишини рағбатлантириш мақсадида давлат хизматларидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали фойдаланганда барча тўловлар бўйича 10 фоиз чегирма қўлланилмоқда.

Тўловлар ҳақида гап кетганда, фойдаланилган давлат хизмати учун тўловни амалга ошириш тартиби ҳам осонлаштирилганини таъкидлаш жоиз. Яъни, энди my.gov.uz ёки Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни амалга оширишда инвойсдаги рақамларни битталаб териб ўтириш ёки “касса”да навбат кутишга ҳожат қолмади. Бунинг учун оммабоп тўлов тизимларида инвойсдаги QR-кодни сканер қилиш орқали осонгина тўлов қилиш мумкин. Мазкур имконият ҳозирча “Payme”, “Click”, “U-pay” тўлов тизимларида мавжуд.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож, имконияти чекланган аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш давлат идораларининг олдида турган долзарб вазифадир. Шу боис тизимда ҳар бир фуқаронинг давлат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, жараёнга янги қулайликлар тадбиқ этилмоқда. Масалан, бугун “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” тизимида рўйхатга олинган, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали рўйхатида келтирилган давлат хизматларини кўрсатишда давлат божлари, йиғимлар ва бошқа ҳар қандай тўловлар бўйича 50 фоиз миқдорда чегирма қўлланилади. Шунингдек, ҳозир Самарқанд шаҳридаги давлат хизматлари марказидаги 4 та бўлимда синов тариқасида сурдо таржимон хизмати йўлга қўйилди. Бунда фуқарога хизмат марказлашган ҳолда кўрсатилиб, марказ ходими махсус веб-камера орқали сурдо оператор билан боғланади. У эса ўз навбатида фуқаро ва марказ ходими ўртасида мулоқотни таъминлашга кўмаклашади.

Тизимда амалга оширилаётган мана шундай ислоҳотлар натижасида халқимиз манфаатларига хизмат қиладиган содда, қулай ва энг муҳими, коррупцияга қарши курашувчи тизим вужудга келди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, бизнинг мақсадимиз аниқ - аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилиш.

Мақсуд Қурбонов,

вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари.