Одамларни қадрлаб, ўзи ҳам қадр топган инсон ҳақида сўз

2010 йилнинг август ойи эди. Таниқли санъаткор, шоир, ёзувчи, иқтисодчи, шифокор, ҳуқуқшунос, ўқитувчи ва бир қатор фаоллар қаторида биз, мухбирлар ҳам юртимиз мустақиллигининг 19 йиллиги муносабати билан тарғибот тадбири ўтказиш учун туманларга борардик. Бир сафар Нарпай туманининг олис маҳалласида бўлдик.

Тарғибот гуруҳи аъзолари орасида энг кекса киши Азиз Юнусов эди. Азиз ака машинадан тушгач, салом-аликдан сўнг маҳалла фаолларидан шу ерлик бир таниқли кишини сўради.

- Анчадан буён кўринмай қолди, бетоб бўлса керак...

Азиз аканинг жаҳли чиқди. Аммо босиқлик билан: “...Бетоб бўлса, хабар олмадиларингми?”, деб сўради. Улар жавоб беролмай, каловланиб қолишди.

- Тарғибот тадбирини у кишининг ҳолидан хабар олишдан бошлаймиз, - деди Азиз Юнусов қатъий ва машинани отахоннинг хонадони томон бошқарди.

...Бордик. 80 ёшни қоралаб қолган отахон тўшакда ётган экан. Бизларни кўриб анча тетиклашди, хурсанд бўлди, дуо қилди.

- Бу инсон қарийб олтмиш йил қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган, - деди Азиз ака қайтар чоғимиз. – Одамлар ҳаётини яхшилаш, енгиллатиш учун не-не эзгу ишларни қилмаган, дейсиз. Бундай инсонларни эъзозлаш, ардоқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш керак. Мана, бор-йўғи 10 дақиқа вақтимиз кетди, аммо бир инсоннинг, унинг қавм-қариндошларининг кўнглини тоғдек кўтардик.  

Таҳририятга ишга келганимда “Зарафшон”нинг жамоатчи мухбири сифатида таниганим, Азиз ака Юнусов билан кейин ҳам шу каби тадбирларга бирга борганмиз. Вилоятда жуда кўпчиликни танийдиган бу инсон қаерга борса, бемор ёки кўмакка муҳтож одамларни сўрар, ҳокимлик вакиллари, тадбиркор ёки моддий имконияти бор одамлар билан кўришиб ё телефонлашиб, ўша кишига ёрдам беришини тайинларди.

Суҳбатларимиз ҳам инсоннинг қадри, ҳурмати ҳақида бўларди.

- Кексаларни ардоқлаш, кўмакка муҳтожларнинг ҳурматини жойига қўйиш қон-қонимизга сингиб кетган фазилат, - дерди у киши. - Инсон ташқи суратига қараб эмас, қалбининг поклигига қараб баҳоланади, молу дунёсига қараб эмас, солиҳ амалига қараб тақдирланади. Инсон қадрини ўлчашнинг ана шу мезонлари ишга солингандагина одам ўзларининг ҳақиқий қадрини топади. Зеро, қадрласанг қадр топасан, қадрланасан, дейди халқимиз.

Эзгу амалларини эслаб, хотирлаётганимиз Азиз ака Юнусовнинг қисқагина таржимаи ҳоли ҳақида ҳам айтмасак бўлмас. Чунки вафот этганига ўн икки йил бўлган бу инсонни танимаган муштарийларимиз ҳам йўқ эмас, албатта.

Азиз ака 1928 йилда Самарқанд шаҳрининг Ялангбек маҳалласида туғилди, шаҳардаги 15-ўрта мактабни тамомлаб, Тожикистон давлат университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ўқиди.

Олий маълумотли бўлганидан сўнг кўп йиллар ҳуқуқий соҳада, масъул лавозимларда ишлади. У кишининг қарийб ярим асрлик фаолияти суд ва адлия идоралари билан бевосита боғлиқ. Сиёб тумани суди, Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳар судининг раиси вазифаларида ишлади. Кейинчалик Самарқанд вилоят суди раиси муовини, раиси бўлди.

Азиз Юнусов оддий судьяликдан республика Олий суди судлар бошқармасининг раҳбарлигигача бўлган йўлни босиб ўтиш баробарида юзлаб ҳуқуқшуносларга устозлик қилди. Уларга қонун устуворлигини таъминлаш, чин маънодаги адолат посбонлари бўлишларида тегишли йўл-йўриқлар кўрсатди.

Судья бўлиб ишлаган пайтларида Азиз ака қонун ва адолатни юксак тутиб, жамият осойишталиги, халқ бахт-саодати йўлида хизмат қилди. Қонунларни адашганларни жазолаш учун эмас, аввало, тарбиялаш учун хизмат қилдириши билан одамлар меҳрини қозонганди. У билан суҳбатлашган киши ўзини донишманд ҳузурида ҳаёт сабоқларини олаётган одамдек ҳис этарди. Самимий, оқкўнгил, ёрдамга муҳтож кишилардан кўмагини дариғ тутмайдиган инсон эди.

Қанчадан-қанча ноҳақ жабрланганларни оқлади. Қанчадан қанча қонунбузарликларнинг олдини олди, адашганларни тўғри йўлга солди.

Азиз ака ҳар бир ишни кўриб чиқар экан, аввало, инсон тақдири, адолат мезони, қонун доирасида иш кўрарди. “Бизнинг ишимизда майда-чуйда бўлмайди, ҳар бир ишнинг ортида инсонлар тақдири турибди, уларга юзаки, бефарқ қараш мумкин эмас”, дер эди.

Пенсияга чиққандан кейин ҳам суд тизими фахрийларини қўллаб-қувватлаш жамоатчилик марказининг турли тадбирларида фаол қатнашди. Вилоят ва марказий газеталарда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари, соҳада бўлаётган янгиликларга бағишланган кўплаб мақолаларини эълон қилди. Натижада 2007 йилда Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган «Энг яхши ҳуқуқий мақола» кўрик-танловида совриндор бўлганди.

Дарвоқе, Азиз ака етук ҳуқуқшунос бўлиш билан бирга Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси аъзоси ҳам эди. “Зарафшон” газетасининг 2004 йилдан 2011 йилгача чиққан тахламларини кузатган киши А.Юнусовнинг инсон қадри, маънавий камолоти, инсонийлик фазилатларини улуғловчи ўнлаб мақолаларини ўқийди.

Таҳририятга яқин бўлгани боисми, айрим йиғилишларда таълим даргоҳлари, корхона-ташкилот, муассаса раҳбарлари, касаба уюшмалари раисларини жамиятга фойдаси тегган олим, профессор ёки оддий соҳа одамларининг таваллуд топган куни ҳақида газетада мақола беришга, вафот этган ҳамкасблари ҳақида кичкина бўлса-да билдириш беришга чорларди. “Бу сизнинг, менинг инсонийлик бурчимиз. Жамиятнинг фаол одамлари ҳақида одамларга хабар беринг, улар билишсин. Бу ишингиз ёшларга ҳам ибрат бўлади, буни унутманг!”.

Ҳаётнинг ёзилмаган қонунлари ҳам бор. Тақдир синови одамни эрта улғайтиради, курашчан, иллатларга нисбатан муросасиз қилиб тарбиялайди. Ҳаёти давомида Азиз ака ана шу синовларга дуч келган, аниқроғи, улардан мардонавор ўтган инсон эди.

Муҳими, у киши кексайган чоғида ҳам шижоати, ташаббускорлиги билан кўпчиликка ўрнак бўлди. Шунинг учун ҳам давраларда у кишининг аччиқ, аммо ибратли гаплари ҳамон эсланади ва унга амал қилишади.

Акрам ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари.