Одобнома: Салом бериш энг савоб иш
Бир куни бадавлат кишининг ҳузурига хизматкори кириб, салом берди ва унга қўлидаги бир тутам райҳонни узатди.
Шунда у хизматкорига:
- Сен энди озодсан, - деди.
Ёнида турган кишилар:
- Хизматкорингизни бир тутам райҳон олиб келгани учун озод қилдингизми? - дейишди.
Шунда у:
- Аллоҳ таоло: “Қачонки, сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”, демаганми? Унинг саломига бундан яхшироқ жавоб тополмадим, - деб жавоб берди.
Юқоридаги ҳикояда айтилганидек, кимда ким чин кўнгилдан салом берса, кишиларга яхши сўзларни сўзласа, унинг ўзига ҳам яхшилик қайтади.
Қуръони каримнинг «Нур» сурасида «Қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз», дейилади.
Имом Бухорийдан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳдан: “Исломда энг яхши амал қайси?”, деб сўраганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Очларнинг қорнини тўйғазиш ва таниган-танимаган кишиларга салом бериш”, дедилар.
Бу ҳақда фарзандларингизга сўзлаб беришни унутманг!
«Одоблар хазинаси» китобидан.