Одобнома: Зиёратдан савоб олайлик

Ўтганларимиз мангу қўним топган масканларни зиёрат қилсак, уларнинг руҳи шод бўлади. Аллоҳ бу ишимиз учун ҳам бизга улкан ажру савоблар ато этади.

Зиёрат қилувчи одам ўтганларнинг руҳини шод қилиш ва савоб олиш учун боради зиёратгоҳларга. Бироқ айрим эркак-аёллар зиёрат билан саёҳатнинг фарқига бормаяпти. Натижада ташвиш-тараддуд билан бир неча чақирим йўл босиб зиёратгоҳга бориб, савоб ўрнига гуноҳ ишлаб оляпти.

- Яқинда Имом Бухорий ҳазратларининг зиёратига бордик, - дейди яқин биродаримиз Дамин Жумақулов. - У ерга оилалар, тенгдошлар, жамоадошлар ва бошқалар гуруҳ-гуруҳ бўлиб борган. Ўшаларнинг аксари Имом Бухорий ҳазратларининг шундоққина мақбарасига орқа ўгириб туриб расмга тушяпти. Аёл-қизлар бўйнини бир томонга қийшайтириб, сочини ўша томонига ёйиб, иккита бармоғини кўтариб суратга тушяпти.

Кейин музейга кирдик. Музейда Қуръони каримнинг турли мамлакатлардан келтирилган нусхалари бор экан. Очиқ-сочиқ кийинган бир аёл бошига бир парча докага ўхшаган ҳарир, аммо ялтироқ нарса ўраб олган. У ойнаванд жавонга солиб қўйилган Қуръони каримга орқа ўгириб олиб, деярли жавонга ўтиргандек бўлиб сельфи тушар эди. Аёл музейда нечта муборак ашё бўлса ҳаммасига орқа ўгириб туриб сельфи қилиб чиқди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларни зиёрат қилишга ижозат бериб: “Мен сизни қабр зиёратидан қайтарган эдим. Энди уни зиёрат қилаверинглар. Чунки у охиратни эслатади”, деганлар (Имом Муслим ва Имом Ҳанбал ривояти).

Модомики, қабристон зиёрати охиратни эслатиб, зиёратчи шуни ҳис қилар экан, унга сельфининг нима кераги бор.

Азизлар, зиёратга боришни ният қилган одам зиёрат одобларини ўрганиб, шунга амал қилса, ҳам савоб олади, ҳам ён-атрофдаги зиёратчиларнинг кўзига хунук кўринмайди. Энг муҳими, унинг одобидан қабр аҳли мамнун бўлиб, руҳи шод бўлади.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси Самарқанд вилоят вакиллиги.