Оиладаги гап уйга сиғмай қолди

Илгари оиладаги гап-сўзларни сир сақлардик. Қайсидир хонадонда келишмовчилик бўлса, ҳатто, қўшнисининг эшитгани ҳам уят ҳисобланарди. Муаммолар кўп борса, яқин қариндошлар, маҳалла оқсоқоллари ёки кўпни кўрган нуронийлар маслаҳати билан ҳал этиларди.
Афсуски, кейинги пайтлар бу қадрият йўқолиб боряпти. Шахсий муносабатлар, оилавий низо ва келишмовчиликлар ижтимоий тармоқларда очиқчасига муҳокама қилиняпти.
Мисол учун, яқинда бир аёл интернетдаги саҳифасида турмуш ўртоғи билан ажрашмоқчи эканини ёзди:
- Эрим уста. Икки нафар фарзандимиз бор. Каттаси боғчага боради, кичиги яқинда туғилди. Турмуш ўртоғимнинг топгани рўзғордан ортмаяпти. Бунинг устига ҳар куни ичиб келади. Бунақа ҳаёт жонимга тегди, ажрашмоқчиман. Қандай маслаҳат берасиз?..
Бу гапларни ўқиб, интернетга муаммони кўтариб чиққан аёлнинг фаросатига “тасанно” айтасан, киши. Ёзилган изоҳлар, берилган “маслаҳатлар” кишини ҳайратга солади. Айримлар аёлни ажрашишга ундаса, бошқалар қаттиқ ҳақорат қилади. Ижтимоий тармоқда бундай мисолларни юзлаб учратиш мумкин.
Савол туғилади. Оилавий муаммони интернет орқали, бегона кишиларнинг фикри билан ҳал қилиш қанчалик тўғри? Бундай масалани ижтимоий тармоққа олиб чиқиш – шахсий ҳаётни “аукцион”га қўйиш билан баробар эмасми?
Психологларнинг фикрига кўра, шахсий ҳаётдаги муаммо ва камчиликларни оммага намойиш қилиш шармандалик, ҳақоратланиш ва руҳий босимга олиб келади. Айниқса, бегона одамларнинг маслаҳати оилада зиддиятни, фарзандларда нафратни кучайтиради.
Шундай экан, оилавий низоларни дастлаб яқин қариндошлар, маҳалла фаоллари ва нуронийлар билан маслаҳатлашиб ҳал қилиш, агар муаммо жиддий бўлса, психолог ёки бошқа мутахассислар ёрдамида ечиш мақсадга мувофиқ.
Шов-шувга ўч бўлиб боряпмиз
Ахборот истеъмолида мувозанат йўқ. Жамиятимизда кўпроқ ёқимли ва шов-шувли мавзуларга қизиқиш кучайиб, илм-маърифат, тарбия, маданият қуйи даражага тушиб қолди. Бу эса маънавий қашшоқлик ва турли ёт ғояларга очиқликни кучайтиради.
Айниқса, бирор машҳур кишининг шахсий ҳаёти, айтган гапи, баҳсли ва шубҳали хатти-ҳаракати ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлади. Баъзида ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаган видеолавҳалар миллионлаб кўрилади, тарқатилади, юз минглаб изоҳлар билдирилади.
Бироқ шунча эътибор билан илм-маърифат, китобхонлик, тарбия, маданият ҳақида гапирилса ҳам қизиқиш кам, муҳокама, тарғибот деярли йўқ.
Масалан, яқинда китобхонлик тарғиботига бағишланган тадбирга кўпи билан 50 киши келди, одамларнинг аксарияти расмийлар ва шу соҳа вакиллари эди. Лекин шаҳар марказидаги бир хонанданинг концерти ва кийган кийими ҳақидаги видеолавҳани миллионлаб одам кўрди.
Жамиятнинг шов-шувга ўчлиги – ахборот истеъмоли маданиятининг етишмаслигидан келиб чиқмоқда. Ўйлашимча, маънавий-маърифий соҳани ёшларга қизиқарли замонавий форматда (флешмоб, креатив видеороликлар, интерфаол баҳслар) орқали етказиш, ижтимоий тармоқдан фойдаланиш маданиятини шакллантириш учун мактаб ва олийгоҳларда махсус курслар жорий этиш керакдир балки!?
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.