Олимлар ва мутасаддилар мактаб ўқитувчиларининг очиқ дарсларини кузатди

Каттақўрғон шаҳридаги 14-умумтаълим мактабида “Таълим муассасаларида ўқув-методик фаолиятни ташкил этиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш йўллари” мавзусида ўқув-семинар ташкил этилди.

Семинарда Қори Ниёзий номидаги Ўзбекистон педагогика фанлари илмий-тадқиқот институти илмий ходимлари, вилоят халқ таълими бошқармаси, туман ва шаҳар халқ таълими бўлимлари мутасаддилари, методистлар, мактаб директорлари ва ўқитувчилар иштирок этишди.

Иштирокчилар таълим муассасасида яратилган шарт-шароитлар, Президентимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида ўқувчиларнинг санъат, спорт, компьютер саводхонлиги, китобхонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишдилар.

Мактабнинг тажрибали ўқитувчилари томонидан ташкил этилган очиқ дарс ва тўгарак машғулотларини кузатиб, ўзаро тажриба алмашишди.

Йиғилишда вилоят халқ таълими тизимида фаолият юритаётган методистларнинг асосий вазифалари, методик хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ўқитувчилар ўртасида Билимлар беллашувини ташкил этиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича келгусида амалга ошириладиган вазифалар ҳақида маърузалар тингланди. Семинар материалларнинг электрон нусхалари тарқатилди.

Худди шундай семинарларни вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказишга келишиб олинди.

Дилором АБДУРАҲМОНОВА.