ЮНЕСКОнинг тарихий Самарқанд форуми Ўзбекистоннинг халқаро дипломатия ва очиқ мулоқотга доим тайёрлигини намоён этди

Самарқанддаги конгресс марказида БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) Бош конференцияси 43-сессиясининг якуний мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда сўзга чиққанлар 30 октябрда бошланган мазкур халқаро форум сўнгги 40 йилда биринчи марта ЮНЕСКОнинг Париж шаҳридаги бош қароргоҳидан ташқарида, тарихий Самарқандда ўтказилгани билан муҳим аҳамиятга эга бўлганини қайд этдилар. Унда ташкилотга аъзо 180 дан ортиқ давлатдан 4,6 минг нафар вакил иштирок этди ва ЮНЕСКО тарихида Бош конференция сессияларида шу пайтгача бунчалик кўп қатнашчи бўлмаган тадбир сифатида баҳоланди. 

Бош конференция 43-сессияси очилиш маросимида мезбон давлат – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан бирга меҳмон сифатида Сербия Президенти Александр Вучич, Словакия Президенти Петер Пеллегрини иштирок этди. 

Икки ҳафта давомида Бош конференция сессия мажлислари билан бирга 150 дан ортиқ тадбир, семинар ва конференциялар, халқаро кўргазмалар ва концерт дастурлари намойиш этилди. Ташкилотга аъзо давлатлар томонидан тақдимотлар ўтказилди. 

Анжуман арафасида Самарқанд ЮНЕСКОнинг XIV Ёшлар форумига мезбонлик қилди ва унда ёшлар дунёдаги глобал иқлим ўзгаришларини муҳокама қилиб, ўз ғоя ва ташаббусларини билдирди. Бу ташаббуслар Бош конференция 43-сессияси мажлисларида, миллий комиссиялар йиғилишларида кўриб чиқилди.

Самарқанд форуми тадбирлари доирасида илк бор Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти ўз эгаларига топширилди. Бразилиянинг Минас Гераис федерал университети (UFMG) компьютер технологиялари бўйича фахрий профессори Виргилио Аугусто Фернандес де Алмеида, Париждаги Америка университети профессорлари Сюзан Перри ва Клаудия Рода ҳамда Хитойнинг Цинхуа университети қошидаги халқаро сунъий интеллектни бошқариш институти олимлари мазкур мукофот билан тақдирланди.

Бош конференция 43-сессиясида 2017 йилдан буён ЮНЕСКОга раҳбарлик қилган Одри Азуле хонимнинг ваколат муддати якунланиб, у тантанали тарзда кузатилди. Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида фан, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришдаги катта хизматлари ҳамда халқимизнинг бой маданий меросини кенг оммалаштиришга қўшган шахсий ҳиссаси учун Одри Азуле хоним давлатимизнинг юксак мукофоти –  “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.


Мисрлик олим ва сиёсат арбоби Ҳолид ал-Ананий ЮНЕСКОнинг янги Бош директори этиб сайланди ва ташкилотнинг 12-раҳбари сифатида Самарқандда инагурация маросимини ўтказди.

Бош конференция сессияси доирасида Самарқандда жаҳон санъати юлдузлари – маестро Владимир Спиваков ва машҳур пианиночи Элен Мерсйе, машҳур француз бастакори ва ЮНЕСКОнинг яхши ният элчиси Жан-Мишел Жарнинг концерт дастурлари намойиш этилди.

– Биз ташкилотимизнинг сўнгги қирқ йилдаги тарихида илк бор Париждаги бош қароргоҳимиздан ташқарида, дунёга машҳур Самарқанд шаҳрида Бош конференциянинг 43-сессиясини муваффақиятли ўтказдик, – деди ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси раиси Хондкер Муҳаммад Талха. – Бу Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташаббуси асосида амалга оширилгани ва барча аъзо давлатлар вакиллари томонидан қўллаб-қувватланганини алоҳида таъкидлашни истайман. Бу билан Ўзбекистон ЮНЕСКО миссиясини қўллаб-қувватлаши, халқаро дипломатия ва мулоқотга очиқлигини яна бир бор намоён этди. Икки ҳафта давомида Самарқанд ЮНЕСКОга аъзо 180 дан ортиқ давлат вакиллари, 4600 дан кўпроқ иштирокчи, 20 га яқин нодавлат нотижорат ташкилоти, 3 та халқаро ташкилот, 240 нафар делегатни бир даврада бирлаштирди, уларнинг овозларини тинглаш имкониятини яратди. Бу овозларда биз бугун дунё халқлари дуч келаётган глобал муммолар бўйича тезкорлар қабул қилишга даъватни, турли минтақаларда юз бераётган низоларни дипломатик мулоқот йўли билан ҳал этишга чақириқларни, иқлим ўзгариши муаммоларга биргаликда ечим топишга интилиш, аёллар манфаатларини ҳимоя қилиш, болаларнинг сифатли таълим олишини таъминлаш кафолатини яратиш ва бошқа муҳим масалаларни эшитдик, ўз нуқтаи назаримизни баён этдик. Бу ердаги муҳокамалар ва қабул қилинган қарорлар албатта, ЮНЕСКО мақсадларини рўёбга чиқариш, дунё халқларининг манфаатларини ишончли ҳимоялашга хизмат қилади.

Якуний мажлисда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили Камол Мухторов 43-сессиянинг муваффақиятли ўтказилишида ташкилот штаб квартираси билан самарали ҳамкорлик муҳим омил бўлганини таъкидлади ва мамлакатимиз бундан буён ҳам мазкур нуфузли тузилма билан алоқаларни янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.

Анжуман қатнашчилари ЮНЕСКО Бош конференцияси 43-сессияси юқори савияда ўтказилгани ва фаол мулоқотга имконият яратилгани учун Ўзбекистон раҳбариятига миннатдорлик билдирдилар ва бу ҳақда тегишли ҳужжат қабул қилинди.