Олимпиячилар Парижга йўл олди
Пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон спорт делегациясини Париж-2024 ХХХIII ёзги Олимпия ўйинларига тантанали кузатиш маросими ташкил этилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Сенати раиси Танзила Нарбаева, Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, федерация раҳбарлари, терма жамоамиз спортчилари иштирок этди.
Бокс бўйича жаҳон чемпиони, Осиё ўйинлари ғолиби Абдумалик Ҳалаков ҳамда қиличбозлик бўйича Осиё ўйинлари ғолибаси, "Шуҳрат" медали соҳибаси Зайнаб Дайибекова Париж-2024 Олимпия ўйинларида Ўзбекистон спорт делегациясининг байроқдорлари бўлиши расман эълон қилинди.
Тадбирда сўзга чиққан Абдулла Арипов ўз нутқида Олимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорларига давлат томонидан бериладиган мукофот пуллари ҳақида хабар берди. Унга кўра, Олимпиада чемпионлари 200 минг, кумуш медаль соҳиблари 100 минг, бронза медали совриндорлари эса 50 минг долларга эга бўлади.
Маросимда бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлган биринчи ўзбек қизи, самарқандлик Нигина Ўктамова ҳам сўзга чиқди.
- Давлатимизнинг спортга эътибори ва Юртбошимизнинг спортчиларни қўллаб-қувватлашлари натижасида мамлакатимизда спорт ривожланяпти, ютуқларга эришяпмиз, - деди Нигина Ўктамова. – Хусусан, қўлга киритган лицензияларимиз учун ҳам пул мукофотларини олдик. Бу бизга Париж-2024 Олимпиадаси олдидан бошланғич рағбат ва катта мотивация бўлди. Олимпиадага муносиб тайёргарлик кўрганмиз, мақсадимиз олимпиада чемпиони бўлиб, юртимиз байроғини баланд кўтариш.
Ҳозирга қадар олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритган самарқандлик спортчилар 14 нафарга етди. Йўлланмалар учун рейтинг баллар тўплаш давом этмоқда ва вилоятимиздан 16 нафардан зиёд спортчининг олимпиадага бориши режалаштирилган.