Олис қишлоқдаги тўгарак ва сунъий интеллект ёхуд фарзандига ёрдам беролмаётган оналар
Автобекатлардан бирида, ёнимда ўтирган икки аёлнинг суҳбатини эшитиб қолдим.
- Учинчи синфда ўқийдиган ўғлимнинг математика китобидаги масалалар шунчалар қийинки, уйга вазифасини бажаришда мендан ёрдам сўраганда айрим масалаларни ечишга қийналаман.
- Ҳа, нимасини айтасиз, мен ўқувчилик давримда мактабда математикадан яхши ўқиган бўлсам ҳам, ҳозирги масалаларни ечишга ақлим етмай қолади баъзан.
- Дугонажон, яхшиям “ChatGPT” бор. Ўғлим ўшанда масала ечишни ўрганиб олгандан бери қулоғим тинчиди.
Аёлнинг гаплари жаҳлимни чиқарди. Эндигина суҳбатига қўшилмоқчи эдим, улар кутган автобус келиб қолгани учун ўрнидан туриб жўнаб қолди.
Тўғри, бошланғич синфда ўқийдиган болалар учун чоп этилган китоблардаги масалалар, айрим юқори синф ўқувчилариники билан қиёслаганда анча мураккаб. Аммо болаларнинг сунъий интеллектдан фойдаланиши...
Яхшиям биз олис қишлоқда яшаймиз. Бошланғич синфда ўқийдиган болаларимиз сунъий интеллект нималигини билишмайди, катта бўлгунча билишмасин ҳам. Шу хаёллар билан мен ҳам ўзим кутган автобусга чиқдим.
Бу воқеа бундан икки йил аввал, талабалик давримда содир бўлганди.
***
Ҳозирги кунда таълим тизимидаги мураккабликлар ва технологияларнинг жадал ривожланиши ёш авлодни тарбиялашда янги услуб ва ёндашувларни талаб қилмоқда. Мен бошланғич синф ўқитувчиси бўлиш орзусида олий ўқув юртида таҳсил олдим. Ўзим танлаган касб масъулиятини ҳис қилган ҳолда уларнинг келажаги ҳақида чуқур ўйлашга мажбурман.
Ҳозирда оилавий шароитлар туфайли, ёш болаларим борлиги сабаб мактабда ишламаяпман. Олган билимларим эсимдан чиқмаслиги, тажриба орттириш ва янги дарсликлардан, янгиликлардан хабардор бўлиб туриш мақсадида ўзим яшайдиган тоғлар орасидаги қишлоқда бошланғич синф ўқувчилари учун математика фанидан қўшимча тўгарак ташкил қилганман. У ерда менинг дарсларимни интизорлик билан кутадиган болалар бор. Улар ўзлари яшаб турган қишлоқ шароитига қарамай, билимга интиладиган, изланувчан ва интизомли ўғил-қизлардир. Аммо...
Дарс вақтида мен уларга имкон борича мураккаброқ мисоллар ва масалаларни ўргатаман. Машқда қанчалик қийналсанг, жангда шунчалик осон бўлади, деган гап бор.
Бир куни тўгаракдаги ўқувчиларимга уйга бериладиган вазифаларни, масалалар ечиш усулларини бир неча марта тушунтириб ўтдим. Дарс якунлангач, “тушунарлими?” деб сўрадим, улар “ҳа” деди ва уйларига кузатдим. Кейинги дарсни деҳқон ўзи эккан уруғнинг униб чиқишини интизорлик билан кутгандек қарши олдим.
Аммо бу дарсда катта асабийлик ва қайғу билан кўрдимки, уларнинг барчаси топшириқни бир хил қилиб “кўчириб” келишган. Масаланинг ечими мен ўргатган услубдан мутлақо фарқ қиларди, бу эса уларнинг сунъий интеллект ёрдамида топшириқни бажарганлигини яққол кўрсатиб турарди.
Шу пайт шаҳардаги воқеа ёдимга тушиб, икки ҳисса асабийлашдим. Ўқувчиларимга юзланиб, ким сунъий интеллектдан фойдаланганлигини билиб турганимни, агар тан олмаса “2” баҳо қўйиб, ота-онасини чақиртиришимни айтдим. Болалар бирин-кетин ўз хатоларини тан олишга мажбур бўлишди.
Ҳам менинг, ҳам уларнинг вақти бекорга кетяпти. Ачинарлиси, ота-оналарнинг қийналиб, пешона тери билан топган пуллари фарзандлар таълимига самарали сарфланмаяпти. Бу менинг юрагимни оғритди.
Дунёда ҳайдовчисиз машиналар ишлаб чиқилаётган, ахборот технологиялари тараққий этган бир даврда болаларимизни мустақил равишда ўрганишга тайёрлашимиз жуда муҳим. Агар улар сунъий интеллектга боғланиб қолса, келажакда авлодимиздан буюк олимлар ва мутахассислар етишиб чиқармиди?! Аждодларимизга муносиб авлод бўлиш учун ҳаракат қилишимиз керак эмасми?!
Ҳар бир ота-она фарзандининг қандай таълим олаётганини, нималар билан шуғулланаётганини уйда назорат қилиши, ўқитувчилар билан ҳамкорликда ишлаши керак. Шундагина ёш авлод илм ва маърифатга интилиб, жамиятимизнинг буюк келажагини қуришга ҳисса қўшади.
Уларни ўз қўлимиз билан ёт ғояларга, кўр-кўроналикка ва интернет тармоқларига топшириб қўймайлик.
Заҳро Ибрагимова,
Навоий вилояти, Нурота тумани.