Олий ўқув юртларида 2021 йил 11 январдан анъанавий таълим шаклида дарслар бошланади
Самарқанд давлат тиббиёт институтининг барча факультетларнинг 1-3-курс талабалари ўқишни анъанавий тарзда давом эттиради. Дарслар тўлиқ дезинфекция чоралари кўрилган ҳолда 2 навбатда олиб борилади.
Бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли тиббиёт олийгоҳида талабалар 12 нафардан ташкил қилинган гуруҳларда ўқийди.
Мазкур институтда талабаларни анъанавий таълимга жалб қилиш босқичма-босқич амалга оширилди. Жумладан, 2020 йилнинг 2 октябридан 2-курс клиник ординатура, 5 октябрдан 2-, 3-курс магистратура ва 1-курс клиник ординаторларига анъанавий дарслар ташкил этилди. 12 октябрдан эса битирувчи курслар, 1-курс магистратура ва халқаро тиббий таълим факультетининг қўшма дастурлари асосида қабул қилинган 1-курс талабаларига, 2 ноябрдан бакалавриатнинг 4-, 5-курс талабаларига анъанавий ўқиш бошланган эди.
***
Самарқанд давлат чет тиллар институтининг бакалавр таълим йўналишларида 6 минг 343 нафар (шундан 823 нафар кечки таълим шаклида) шунингдек, қўшма таълим дастурлари асосида 118 нафар талаба таҳсил олмоқда. Магистратура мутахассисликларида 330 нафар магистрант ўз илмий изланишларини давом эттирмоқда.
11 январдан магистратура ҳамда бакалавриатнинг барча босқичларида таълим олувчи талабалар учун анъанавий дарс машғулотлари бошланади. Дарслар уч навбатда ташкил этилади. Биринчи навбат эрталаб соат 8:30 дан 12:50 га қадар, иккинчи навбат соат 13:00 дан 17:20 га қадар, учинчи навбат соат 17:30 дан 20:20 га қадар давом этиши белгиланган.
Ҳозирда институтнинг 4 та асосий ўқув биноси мавжуд бўлиб, 3524 ўринга мўлжалланган.