Онкология шифохонаси кенгайтирилади, янги жиҳозлар берилади
Президент Шавкат Мирзиёев 14 май куни Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифи чоғида онкология тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказди.
Йиғилиш чоғида марказ ҳамда унинг ҳудудий филиаллари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий тиббий ускуналар билан таъминлаш, аҳоли ўртасида профилактика тадбирларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Бу борада мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйилди.
– Давлатимиз раҳбари онкологик касалликларни эрта аниқлаш мақсадида мобил бригадалар тузиб, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли учун профилактик кўриклар ўтказиш зарурлигини таъкидладилар, – дейди Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали директори ўринбосари Дилшод Раҳматов. – Бунинг учун ҳар бир ҳудудга, жумладан, филиалимизга ҳам мобиль маммограф ва позитрон-эмиссион томограф етказиб бериладиган бўлди. Бу саратонни эрта аниқлаш ва даволашда жуда самарали йўл ҳисобланади. Йиғилишда вилоятимиз ҳокими Э.Турдимов филиал моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, беморлар учун қулайлик яратиш мақсадида муассасани кенгайтириш, шунингдек, вилоятда гемотология маркази ташкил этиш таклифларини билдирди. Бу таклифлар Президентимиз томонидан қўллаб-қувватланди. Бизга муассасамиз яқинидаги 3-сон туғруқ мажмуаси бино ва иншоотлари берилиши кўзда тутилган. Бу ишлар амалга ошса, вилоятимизда онкологик ва гемотологик касалликларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш имкониятлари яна ҳам кенгаяди.
Шунингдек, шу куни вилоят ҳокими Э.Турдимов соҳа масъуллари билан бирга Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиалида бўлиб, муассаса фаолияти билан яқиндан танишди. Шифокорлар ва беморлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикрларини эшитди. Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар белгиланди.