Оқова сув тизимлари марказлаштирилса, муаммолар ечим топади
Президентимиз мамлакатимиз ҳудудларига ташрифлари чоғида энг муҳим ижтимоий-иқтисодий масалалар қатори аҳоли учун қулай яшаш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, давлатимиз раҳбари 2019 йилнинг январь ва июль ойларида вилоятимизга ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, шу жумладан, Ургут, Паст Дарғом, Жомбой, Пахтачи, Нарпай туманлари ҳамда Каттақўрғон шаҳрида кўп қаватли уй-жойлар қуриш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаб, оқова сув тармоқларини ривожлантириш орқали муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан вазифаларни белгилаб берган эди.
Мазкур топшириқлар асосида бугунги кунда вилоятимизда оқова сув тизимини ривожлантириш, соҳадаги муаммоларни замонавий технологияларни жалб этган ҳолда бартараф этиш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда Самарқанд шаҳрида 80 минг нафардан ортиқ аҳоли марказлаштирилган канализация хизматлари билан таъминланиб, санитария ва эпидемиологик ҳолат яхшиланади. Шунингдек, Ургут, Пахтачи, Паст Дарғом туманларида оқова тизимларини яхшилаш бўйича иш олиб борилмоқда. Бунинг учун халқаро молия институтларининг 117,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағи ажратилган. Унга кўра ҳудудларда 9 та оқова сувларини тозалаш иншооти, 185 километрдан ортиқ оқова тармоқ қуриш режалаштирилган.
Ўтган йили Пахтачи туманида қарийб 7 километр оқова тармоқлари ва тозалаш иншооти қурилиб битказилиб, замонавий ҳамда энергия тежамкор ускуналар ўрнатилди.
Яқингача Ургут тумани марказидаги кўп қаватли уйлар, айниқса, иқтисодий зонада жойлашган ўнлаб ишлаб чиқариш корхоналарининг оқова сувлари Дўстлик маҳалласида жойлашган 6 та махсус ҳовузларга ташлаб келинган.
- Аҳоли томонидан мазкур ҳовузларнинг атроф-муҳитни ифлослантириб келаётганлиги тўғрисидаги мурожаатларидан сўнг ҳовузларнинг бештаси ёпиб юборилди, - дейди “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Ургут туман бўлими бошлиғи Ойбек Тўхтаев. - 2018 йилдан бошлаб туманимиз оқова сув тармоқларини янгилашга киришилди. Жумладан, Сариқтепа массивидаги қўп қаватли уйлар ва корхоналар учун қарийб 3 километрга яқин оқова сув тармоғи тортилиб, 2 та 200 метр/куб ли тозалаш иншоотлари-контейнерлар ўрнатилди. Шунингдек, Ургут шаҳри марказида жойлашган корхона-ташкилотлар учун 6,7 километр оқова тармоғи ўтказилди. Бугунги кунда туман марказидаги 30 га яқин корхона, ташкилот ва аҳоли хонадонлари мазкур хизматдан фойдаланмоқда.
- Қишлоғимизда жойлашган тамакини қайта ишловчи корхонанинг канализация ҳовузларидан тарқалаётган бадбўй ҳидга тоқат қилиб бўлмасди, - дейди Дўстлик маҳалласи Бойгузар қишлоғида яшовчи Ислом ака. – Натижада аҳоли орасида турли юқумли касалликлар пайдо бўлганди. Айрим корхона ва ташкилотлар ҳозир ҳам ўз оқоваларини Ургут шаҳридан оқиб ўтадиган бетон каналга ташлашади. Бу эса аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.
«Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича Инжиниринг компанияси» ДУК вилоят ҳудудий бошқармаси томонидан Мерганча массивида қурилаётган кўп қаватли уйлар учун 8 километрдан зиёд оқава сув тармоғи тортилиб, ҳудудда барпо этилган 6 та тозалаш иншоотига уланди. Мирзақишлоқ маҳалласига ўрнатилган 2 та янги 500 м3 тозалаш иншоотлари кўп қаватли уй-жойлардан чиқувчи оқова сувларни қайта ишламоқда. Бунинг учун 3,5 километр масофага тармоқ тортилди.
Жами 17 миллиард 352 миллион сўм маблағ ажратилган лойиҳалар асосида қурилган оқова тармоқлари ва тозалаш иншоотларига Туркия технологиялари асосида ишлайдиган замонавий ускуналар ўрнатилган.
Тез орада Ургут ва Тойлоқ туманлари ўртасидан ўтувчи Дарғом канали ёнида ҳам йирик оқова сувни тозалаш иншооти қуриш ишлари бошланади. Унга Мирзақишлоқ тозалаш иншоотидан тортиб келинадиган 8 километрлик оқова сув тармоғи улангач, туманда мазкур тизимидаги қатор муаммоларга ҳам ечим топилади.
Дилмурод Тўхтаев.