Самарқанд шаҳрининг оқова тизимлари қачон реконструкция бўлади?

Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган “Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари оқова сув тозалаш иншоотлари ва оқова тизимлари реконструкцияси” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятига 49,3 миллион доллар маблағ йўналтирилиши белгиланган.

Ушбу маблағлар ҳисобидан 2 та оқова сув тозалаш иншооти, 3 та оқова сув насос станцияси ва 60,2 километр тармоқлар қуриш ҳамда реконструкция ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Вилоят «Сувоқова» унитар корхонасидан олинган маълумотларга кўра, бугунги кунгача Фарҳод оқова сувларини тозалаш иншооти, ва 56,1 километр оқова сув тармоқлари қурилиш ишлари амалга оширилган. Жорий йилнинг сентябрь ойи якунига қадар яна 4,1 километр оқова сув тармоқлари қурилади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида 2020 йилнинг июнь ойига қадар Самарқанд шаҳар оқова сувларини тозалаш иншооти қурилиб ва 3 та оқова сув насос станциялари реконструкция қилинади.

Мазкур лойиҳа бўйича иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан Самарқанд шаҳрида қўшимча 3 та КНС - оқова сув насос станцияси ва 45 километр канализация тармоқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари режалаштирганмиз.

Айни пайтда лойиҳалаштириш корхонасини аниқлаш учун танлов жараёнлари ўтказилмоқда. Август ойида лойиҳалаштириш корхонаси томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш бошланади.

Ушбу ишлар натижасида, Самарқанд шаҳрида 80 минг нафардан зиёд (85 фоиз) аҳоли марказлаштирилган канализация хизматлари билан таъминланади.