«Ўрганишди, ўргатишди, тажриба алмашишди»: «Пахтачи» газетаси жамоаси «Зарафшон» газетаси таҳририятида бўлди
Пахтачи туманининг “Пахтачи" газетаси 50 йилдан буён чоп этиб келинади. Таҳририят ижодкорлари турли йилларда Навоий вилояти, қўшни Нарпай, Каттақўрғон туманлари ва вилоят "Зарафшон" газетаси журналист-мухбирлари билан ҳамкорлик қилиб келади.
Анъанага кўра, газета ижодий жамоаси вакиллари «Зарафшон» газетаси таҳририятига келиб, бу даргоҳда фаолият юритаётган ҳамкасблари билан учрашди, суҳбат қурди, тажриба алмашди. Газетани қандай макетлаштириш, саҳифалаш, унинг географик ва мазмуни жиҳатдан ранг-баранглигини ошириш, шунингдек, телеграм канали ва сайт юритишнинг тартиб-тамойиллари ҳақида кўникма олишди, ўз тажрибалари билан ўртоқлашди. Ижодий ва техник ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди. Вилоят матбуот тарихи музейида бўлиб, газета тарихи билан боғлиқ экспонатларни кўздан кечирди. Шу баҳона ҳар иккала газеталарда фаолият кўрсатган фидойи журналистлар эсга олинди.
- Ҳар қандай ижодкор бу каби учрашувларда чархланади, - дейди »Пахтачи" газетаси масъул котиби Шербек Бобоқулов. - Муҳими, мухбирни янада ижодга ундайди, завқ беради, илҳом ва куч олади. Биз вилоят газеталарига берилган эътибор ва ғамхўрликни кўриб, ҳавасимиз келди. Вилоят матбуот музейида журналистиканинг 110 йиллик тарихи билан танишиб, кўп жиҳатларни ўзлаштирдик ва туманимизда ҳам шундай музей очишни мақсад қилдик.
Ҳусан Элтоев.