Орол денгизи инқирози натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар тезроқ кечмоқда
Бу ҳақда Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида айтилди.
Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, мажлисда иқлим ўзгаришининг Ўзбекистондаги оқибатларини юмшатиш бўйича қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган вазифалар бажарилиши ҳолати юзасидан Ўзгидромет хизмати маркази Бош директорининг ахбороти эшитилди.
Қайд этилганидек, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари глобал миқёсга эга бўлиб, бизнинг ҳудудимизда ҳам яққол намоён бўлмоқда. Биргина Орол денгизи фалокати натижасида Марказий Осиёда иқлим ўзгариши дунё кўрсаткичларидан 2 баробар жадалроқ кечмоқда. Бу дарёлар сувини шакллантирувчи музликларнинг тобора эриб бориши, чанг бўронлари даврийлиги ва уларнинг ортиб бориши, ерларнинг деградацияга учраши, сув ресурсларининг тақчиллиги каби салбий кўринишларда намоён бўлмоқда.
Мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш, “яшил” иқтисодиётга ўтиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва биохилма-хилликни сақлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга жиддий эътибор қаратилмоқда.
Иқлим ўзгаришига таъсир кўрсатувчи ёқилғи-энергетика, саноат, қурилиш тармоқларидан ташланаётган ифлослантирувчи моддаларни кескин камайтириш мақсадида ҳозирги пайтда “яшил” иқтисодиётга ўтиш бўйича кенг қамровли Стратегия, қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш дастури ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Иқтисодиёт тармоқлари, қурилиш ва энергия тежамкорлигини ошириш юзасидан қабул қилинган стратегик дастурлар ва уларнинг ижроси Ўзгидромет томонидан ҳисоб-китоблар ва тадқиқотлар асосида таҳлил қилинган. Натижада Ўзбекистон Иқлим бўйича Париж келишуви доирасида 2030 йилга бориб ялпи ички маҳсулотга нисбатан иссиқхона газлари улушини 35 фоиз камайтиришга эришилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан қиймати 993 млн сўмлик лойиҳа, шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида тупроқ шўрланиши ва иқлим ўзгаришига қарши инновацион технологияларни ишлаб чиқиш ҳамда Оролбўйи минтақаси шўрланган ерларида экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган 664,2 млн сўмлик 2 та стартап лойиҳа молиялаштирилган.
Мажлисда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда вазирликлар ва идоралар томонидан қисқа ва ўрта муддатли чора-тадбирларни амалга ошириш режасида белгиланган айрим тадбирларнинг бажарилишида сусткашликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтиш стратегиясини амалга ошириш тўғрисидаги 2022-2030 йилларга мўлжалланган узоқ муддатли ҳаракатлар режаси лойиҳасини ишлаб чиқиш ишлари охирига етказилмаган.
Бундан ташқари, қайта тикланадиган ва водород энергетикасини ривожлантириш ҳамда ёқилғи-энергетика тармоғидаги иссиқхона газлар ажратмаларини камайтириш имкониятларини ўрганиш борасидаги ишлар ҳам охирига етказилмаган.