Орол фожиаси: дунёдаги ҳеч қайси давлат тарихида бундай ҳодиса кузатилмаган
Бир вақтлар чучук сувли йирик сув ҳавзаларидан бири бўлган дунёда 4 ўринда турган Орол денгизи бугунга келиб деярли қуриб бўлди. Дунёда ҳеч қайси давлат тарихида бундай ҳодиса кузатилмаган. Албатта, бу табиий фожиа глобал аҳамиятга эга. Бугун Орол денгизининг қуриган тубида қарийииб 5 млн гектар туз-қумли саҳро ҳосил бўлган. Бу саҳронинг ярми Ўзбекистон ва тенг ярми Қозоғистон ҳудудида жойлашган.
1980-2018 йиллар яъни ўтган 38-40 йил давомида қуриган денгиз тубида 380-400 минг гектарда саксовул экилган. Агар шу темпда денгиз қуриган тубида чўл ўсимликлари экилиб борилганда бизга (2,2-2,5 млн гектар учун) яна 130-140 йил керак бўлар эди.
2018 йил 28 ноябрда Қорақалпоғистонга Президент ташрифи давомида бу масалага жиддий эътибор берилди. Шундан сўнг, 2018-2022 йилларда жами 1,7 млн гектардан ортиқ майдонга чўл ўсимликлари (саксовул, қандим, тамарикс, кейруэк, чагон, терескен, балиқкўз, изень ва бошқалар)нинг ҲАР ЙИЛИ, ҲАР МАВСУМДА 2,5 минг тоннадан зиёд уруғлари ва 100-110 млн донадан ортиқ кўчатлари экилди.
Бу ишларни Испания, Исроил, Хитой, Қозоғистондан келган йирик экологлар, олимлар келиб, кўриб ўзларининг баҳосини беришди.
Очиғи бу жойларда бирон гиёҳ ўсмаганлигини кўриб, бошида ўзимиз ҳам ишонмаган эдик. Мен ўзим ҳам олимлар жамоамиз билан мазкур жараёнларнинг бошидан иштирок этганман. Қуйида дастлабки экилган кўчатлар ва кейинги ҳолатлар акс эттирилган.
Мен Орол денгизининг қуриган тубида яшил қопламалар барпо этишда иштирок этган барча инсонларга таъзим қиламан. Улар қишнинг қаҳратонида (-25-35 0С) ва ёзнинг жазираси (+60-70 0С) да ҳам тинимисз меҳнат қилишди.
Оролбўйи ҳудудида амалга оширилаётган кенг кўламли амалий ишларнинг изчил давом эттиришнинг ҳуқуқий кафолатини мустаҳкамлангани биз экологларни қувонтиради. Чунки, ҳали 10 млн.гектардан зиёд майдонга эга “Қизилқум” чўлида яшил қопламалар барпо этиш, яйловларни тиклаш шунингдек, Бухоро вилоятида “Яшил белбоғ” яратиш каби йирик лойиҳаларни амалга оширишимиз керак.
Янги Конституцияни биз экологлар якдиллик билан қўллаб-қуватлаймиз ва барчани референдумга фаол иштирок этишга чақирамиз.
Абдушукур Ҳамзаев, Ўзбекистон Экологик партияси марказий кенгаши раиси.