Қайдасан, Мўйноқ? СамДУ талабалари Оролбўйига борди

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Самарқанд давлат университети бошланғич ташкилоти етакчилари ҳамда бир гуруҳ фаол талабалар Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш мақсадида Оролбўйига боришди.

Самарқанддан роппа–роса 12 соатда етиб келган поезд Нукус вокзалида тўхтади. Йўлнинг узоқлиги ва чарчоғига қарамасдан, фаол ёшлар “Қайдасан, Мўйноқ?”, дея манзил сари ошиқди.

Одатда Оролбўйи ҳақида гапирилганда кўз олдимизга кенг саҳро ва чўл келади. Аммо талабаларнинг илк таассуротлари кутилганидан бошқа бўлди. Нигоҳлар ҳайҳотдек чўл қўйнида обод ва ораста, замонавий шаҳарга тушиб, бениҳоя ҳайратланишди.

СамДУ талабалари  Президентимиз  ташаббуси, саъй-ҳаракати билан бу масканда амалга оширилган ўзгаришларга, замонавий инфратузилма такомилга етаётганлигига бевосита гувоҳ бўлди. Бетакрор иншоотлар, спорт ва умумтаълим мактаблари, савдо ва маданий-маиший бинолар, ёшлар меҳнат гузарлари, “Нуронийлар маскани”, мактабгача таълим муассасалари барпо этилгани аҳолига кўплаб қулайлик яратилгани киши қалбини фахрга тўлдиради. Бу ерда экологик вазиятни яхшилаш, қулай шароит яратиш мақсадида курашаётган аҳолининг бирдамлигини кўриш мумкин.

 2017-2021 йилларга мўлжалланган Давлат дастури асосида Мўйноқ туманида кенг кўламли ишлар амалга ошириляпти. Қўнғиротдан Мўйноққача бўлган 101 километрлик масофага қувур ётқизилиб, бу ерга тоза сув келтирилган. Одамларнинг асрий орзуси рўёбга чиқмоқда.

Йўл-йўлакай Мўйноқ биқинидаги аянчли манзаралар талабаларни бефарқ қолдирмади. Улар “Орол музейи”, “Кемалар қабристони”ни кўришди. Ўтган асрнинг фожиасига биринчи бор рўбару келган ёшларнинг қалби титради.

- Чўл қаърида йўқолиб кетган Орол денгизининг рутубатли манзарасининг гувоҳи бўлдик, - дейди ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти етакчиси Ҳусан Тўхтаев. - Аянчли... 1960 йиллардаги денгиз хариталарни кузатдик. Минг афсуски, бугун мана шундай катта денгизда сув йўқ... Йигирманчи асрнинг энг катта фожиаси, инсоният олдидаги катта синов, экологик таназзул эди бу манзаралар. Аслида, Орол денгизининг майдони 66458 квадрат километр, ўртача чуқурлиги 20-25 метр, энг чуқур жойи эса 67 метр бўлганлиги ҳақида илмий асослар мавжуд. Бугун эса мана шу улкан сув ҳавзаси деярли кўлмакка айланиб қолган. Денгизнинг суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 25 метрга пасайган, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлган.  Бу бизни табиатга бўлган муносабатимизни ўзгартиришга, табиат неъматларини асрашга чақиради.

Ҳозир бу ерда минглаб гектар майдонларга чўл гиёҳлари, саксовул ва  иқлимга мос, чидамли ниҳоллар экилмоқда. Орол денгизининг қуриган ҳудудида иқлимбоп қандим, черкес сингари ўсимликлар қадалиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинаяпти. Қум барханлари кўчишининг, тузланишнинг шашти пасайтирилмоқда. Бунга талабалар ҳам ўз ҳиссасини қўшди.

- СамДУнинг 15 нафар ёшлари бел боғлаб, саксовул экиладиган чўл зонасига йўл олдик, - дейди Аллаёр Норбоев. - Биз 2 гектар майдонда шўр ерни ковлаб, саксовул экдик. Мутахассисларнинг таъкидлашича, саксовулнинг кўкаришига 20 фоизгача умид бор экан. Шамол, чанг-тўзонга қарамасдан, кўплаб фидойи юртдошларимиз ушбу эзгу ҳашарда иштирок этмоқда. Ўтқазилган саксовуллар келажакда табиатимизнинг, экологик муҳитнинг яхшиланишига хизмат қилишидан умидвормиз.

СамДУ ёшлари ўтган йили ҳам профессор-ўқитувчилар ва талабалар билан Оролбўйига бориб, илмий изланишлар ўтказган ҳолда дарахтлар экканди. Бу анъана давом этмоқда. Зеро, Ватанимизнинг ҳар бир қарич ери учун барчамиз бирдек масъулмиз.

Амриддин ЗАЙНИЕВ.