Тилга ҳурмат миллатга ҳурмат, дегани

Ўзбек тили – она тилимиз давлат тили сифатида халқимизни бирлаштирадиган, жамиятимизни улуғ мақсадлар сари сафарбар этадиган қудратли куч.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан биридир.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва обрў-эътиборини мустаҳкамлаш бўйича қабул қилинган ҳужжатлар ижроси архив соҳасида ҳам сўзсиз таъминланмоқда.
Хусусан, вилоят давлат архивида барча ҳужжатлар давлат тилида юритилади. Архив ўқув залларида фуқаролар фойдаланаётган барча хужжатлар, архив иш юритишидаги хатлар, буйруқлар ҳамда архив низомидан бошлаб барча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лотин ёзувига асосланган янги ўзбек алифбосида ёзилган.
Бу борада Самарқанд давлат университети филология факультети ўзбек тилшунослиги кафедраси билан амалий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ўзбек тили байрами муносабати билан ўтказилган навбатдаги тадбирда мазкур кафедра доцентлари Баҳора Юнусова ҳамда Муҳайё Вафоева ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги аҳамияти, унинг қўлланиш доираси кенгайиб бораётгани ва хорижда ўрганилиши ҳақида сўз юритдилар.
Шу билан бирга бугунги кунда айрим жойларда давлат тилига бўлган салбий муносабат, ўзбек имло қоидаларига риоя қилмаслик ҳолатлари танқид қилиниб, айниқса, ёшларда она тилини пухта ўрганишга қизиқишни ошириш, бу борада тарғибот ишларини олиб бориш зарурлиги таъкидланди.