Самарқанднинг қадимий сирлари ва Яҳё Ғуломовнинг илмий мероси

Биринчи ўзбек археологи, Ўрта Осиё қадимий тарихи атоқли мутахассиси, илмий ташкилотчи, педагог Яҳё Ғуломов 1908 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон давлат педагогика институтининг ижтимоий-иқтисодий факультетини тамомлаган.
Я.Ғуломов Самарқандда ўқиб юрган чоғларида П.Солиев, М.Саиджонов, В.Вяткин ва бошқа машҳур олимларнинг маърузаларида қатнашар эди. Лекин археология ва шарқшуносликка оид илмий қизиқишларига катта таъсир йигитнинг Василий Вяткин билан танишуви бўлди. Самарқанд ёдгорликлари таниқли мутахассиси ҳам ўз эътиборини ҳар бир маърузадан сўнг кўплаб саволлар билан мурожаат қилган изланувчан талабага қаратди.
Яҳё Ғуломовнинг Ўзбекистон моддий маданияти ёдгорликларини ўрганиш ва сақлаш, ҳунармандчилик тарихи, Самарқанддаги Мирзо Улуғбек мадрасасининг шимолий-шарқий минорасини сақлаб қолиш муаммоси ва бошқаларга бағишланган илк илмий нашрлари 1930 йилларнинг бошларида пайдо бўла бошлади.
ХХ асрнинг 60-йилларида Яҳё Ғуломович раҳбарлигида ҳудуд яхлитлигини сақлаб қолиш мақсадида Самарқанддаги Афросиёб манзилгоҳида жадал археологик ишлар ва кенг кўламли изланишлар давом эттирилди ва бу соҳада муҳим илмий ютуқларга эришилди.
Қайд этиш жоизки, Я.Ғуломов сиймоси Самарқанд шаҳрининг ёшини (2500 йил) аниқлашга қаратилган воқеалар билан чамбарчас боғлиқ. 1958 йилда Афросиёбда бошланиб кетган қазиш ишлари кейинчалик (1965) археолог ва шарқшунос В.Шишкин раҳбарлигидаги йирик археологик экспедицияга айланиб кетди.
Тўпланган археологик материаллар илмий жамоатчилик орасида қизғин мунозараларга сабаб бўлди. Олимларнинг бир гуруҳи Самарқанд (Мароқанд) Искандар Зулқарнайн даврида Қадимги Сўғдиёнанинг пойтахти бўлган деган тахминга амал қилган. Бошқа бир гуруҳ эса, айниқса, “антик даврда бу ҳудудда фақат вақтинчалик манзилгоҳлар бўлган, шаҳар ҳаёти эса милодий IV–VI асрларда биринчи ва иккинчи шаҳар деворлари ҳамда қалъа девори қурилишидан бошланган”, деб таъкидлаган экан.
Шу йилларни эслаб, академик Ю.Буряков шундай деб ёзган эди:
- В.Шишкин вафотидан сўнг экспедицияга раҳбарлик қилган Яҳё Ғуломов шаҳар ёшини ўрганишни ўзининг энг муҳим вазифалардан бири қилиб қўйди... Унинг изланишларидаги материаллар ва истеҳкомлар Самарқанднинг ёши камида 2500 йил бўлганлигини аниқлаш имконини берди.
1969 йилнинг баҳорида Я.Ғуломовнинг Ленинградда бўлиб ўтган археолог ва этнографлар сессиясидаги Ўрта Осиё мутахассислари бўлимида қилган маърузаси иштирокчиларга шундай таассурот қолдирдики, конференцияга раислик қилган раис Б.Пиотровский бу маърузани Бутуниттифоқ сессиясининг якуний ялпи мажлисига олиб чиқди.
Я.Ғуломов маърузаси мамлакатининг барча археологлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди ва экспедиция материаллари Самарқанд юбилейининг биринчи санасини белгилаш таклифига асос бўла олди.
1970 йилда ташкил этилган Я.Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти Ўзбекистон Республикаси давлат муассасаси минтақада археологик тадқиқотларни мувофиқлаштирувчи марказ бўлиб хизмат қилиб келмоқда.
Б.Муҳаммадиева тайёрлади.