ОТМларга кириш учун тeст синовлари дам олиш кунлари, ёпиқ иншоотларда ўтказилади
Бугун Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов раҳбарлигида вазирлик ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги фаолиятидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечимларига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда 2023/2024-ўқув йили учун республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича тест синовларини ташкил қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, агентлик томонидан ҳар йили 60 га яқин турдаги тест синовлари амалга оширилиб, уларда 2 млн. дан ортиқ талабгорлар иштирок этади. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 15 дан ортиқ турдаги тест синовлари ўтказилди ва уларда 140 минг нафардан ортиқ талабгор иштирок этди. Шунингдек, хорижий давлатларда олинган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш бўйича 1 180 нафар талабгорнинг таълим ҳужжатлари кўриб чиқилди, таълим соҳаси ташкилотлари томонидан берилган 5 510 та расмий ҳужжатга апостил қўйилди.
Тест синовларини ўтказишга мўлжалланган алоҳида биноларнинг мавжуд эмаслиги сабабли ўтказилаётган аксарият тест синовлари таълим муассасалари ўқув биноларида таълим жараёнига халақит қилмаслик учун ҳафтанинг дам олиш (шанба ва якшанба) кунларида ўтказилмоқда.
Йиғилишда, шунингдек, агентлик фаолиятига доир ўз ечимини кутаётган масалалар, хусусан, жойларда тест синовларини йил давомида ўтказиш учун катта сиғимли биноларни қуришдаги айрим камчиликлар қайд этилиб, уларни бартараф этиш чоралари бўйича таклифлар берилди. Мутасаддиларга оптик сканер ва уларга эҳтиёт қисмлар харид қилишни тезлаштириш топширилди.
2023/2024-ўқув йили учун тест синовлари ўтказиладиган 92 та ёпиқ иншоот танлаб олинди ҳамда уларнинг режа чизмалари тайёрланиб, маҳаллий ҳокимлик ва идоралар билан келишилган ҳолда тасдиқланди.
Шунингдек, тест синовлари ўтказиладиган 15 та умумтаълим фанидан 26 520 та ва қардош (қозоқ, қирғиз, тожик, туркман) тиллардан 2 400 та тест топшириғи шакллантирилди ва экспертизадан ўтказилди. Кенг жамоатчилик орасидан тест синовларида гуруҳ назоратчилигига номзод сифатида рўйхатдан ўтган 8 956 нафар талабгордан 4 000 нафарга яқини саралаб олинди ва улар билан шартномалар расмийлаштирилмоқда.