Ўтрор – Соҳибқирон Амир Темурнинг сўнгги манзили

Самарқанд шаҳридаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Ўтрор-Самарқанд: маданиятларнинг умумий жиҳатлари” номли кўргазма ташкил этилди. Қозоғистоннинг Ўтрор давлат археология музей-қўриқхонаси ҳамда Самарқанд давлат музей-қўриқхонаси томонидан ташкил этилган кўргазманинг очилиш тадбирида ҳар икки мамлакатдан музейшунослар, олимлар ҳамда тарих ихлосмандлари жам бўлди.

Ўтрор Буюк Ипак йўлининг асосий тармоқларидан бирида жойлашган, яқинида Сирдарё ва Арис дарёлари оқиб ўтадиган, жаҳон тамаддунида ўз ўрнига эга қутлуғ масканлардан бири бўлган. Бутун туркий халқларнинг фахри, ислом фалсафасининг ёрқин юлдузи Абу Носир Форобий яшаган Ўтрор қадимдан Ҳиндистон, Хитой, Византия ва бошқа давлатлар билан доимий равишда илмий, маданий, иқтисодий, дипломатик алоқаларда иштирок этган. Бу ерда илм-фан ва маданият билан бир қаторда савдо-сотиқ, ишлаб чиқариш, деҳқончилик, чорвачилик ривожланган.

- Ўтрор қадимдан Ўрта Осиёнинг Хива, Бухоро, Самарқанд, Шаҳрисабз, Термиз, Тошкент каби қадим шаҳарлари билан узвий маданий алоқаларга эга бўлган, - дейди Ўтрор давлат археология музей-қўриқхонаси раҳбари Жангелди Махашов. – Бу қадимий шаҳар Қорахоний турк хоқонлиги, сўнгра Хоразмшоҳлар давлати таркибида бўлиб, қазишмаларда қадимий шаҳар атрофидан мазкур даврларга оид кўплаб артефактлар топиб ўрганилган. Амир Темур Хитойга юришни мақсад қилиб йўлга чиққанида мазкур шаҳарда тўхтаган. Буюк саркарда ҳаётлигидаги сўнгги манзили Ўтрор шаҳри бўлган. Ушбу кўргазмадан кўзланган мақсад Ўрта асрларда Буюк ипак йўлидаги Самарқанд ва Ўтрор шаҳарларининг тарихий-маданий алоқалари ва маданиятлар умумийлигини тарғиб қилишдан иборат. 

Тарихий-маърифий кўргазмада Ўтрорда Буюк ипак йўли орқали савдо алоқалари ривожланганлиги ва Қорахоний турк хоқонлиги давридан Қозоқ хонлигигача бўлган шаҳар маданияти, шунингдек, ёзма маданият ривожидан далолат берувчи археологик ашёлар намойиш этилмоқда.

Кўргазманинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ва Қозоғистон Республикасининг Самарқанд вилоятидаги консуллиги раҳбари Боуржон Дўстмамбетов иштирок этди.

Кўргазма 22 октябргача давом этади.

С.Мардиев, Ж.Шукуров (сурат).