Ойдин орзулар оғуши
Туғилиб ўсган қишлоғингга меҳмондек келиш ғалати бўларкан. Болалигимнинг беғубор дамлари, аммаваччаларим билан қирларда чопқиллаб юришимиз кўз ўнгимдан ўтади. Ўшанда биз бир неча чақирим масофани пиёда босиб ўтар эдик. Отам уйимизда бирор иш чиқиб қолса, бизни аммамникига қўйиб келардилар. Кейинчалик биз яшаётган қишлоқ Жартепа билан аммам яшаётган қишлоқни чегара ҳудуди кесиб қўйди. Аммам Тожикистон чегара тўсинининг нариги томонида, биз эса бу томонида қолдик. Ўтиб қайтишнинг паспорт режимига асосан амалга оширилиши ҳамда соатбай рухсатлар қанчадан-қанча асаббузарликларга сабаб бўлмаган дейсиз. Маросимга қатнашар эканмиз, кўзида ёш билан дийдорлашаётган оилаларни кўриб, бизнинг ҳам киприкларимиз намланди.
– Самарқанд шаҳридан келин бўлиб тушганман, – дейди Манзура исмли аёл. – Мана, шу чегаранинг ортида турган ота-онамни беш-олти йилда бир марта бориб кўролмайман. Сабаби виза масаласи жуда оғир эди. Яна Бекобод ёки Хўжанд томондан айланиб келишимизга тўғри келади. Президентларимизга раҳмат! Қандай яхши иш қилишди-я! Энди фарзандларим ҳам яқинларим дийдорига тўйиб яшайди.
Яна бошқа бир аёл дардини тўкади: Яқингинада тоғам қайтиш қилдилар, боролмадим. Онажонимни шундай соғинганманки, шу бугуноқ йўлга тушаман.
Бундай ҳаяжон ва қувончга тўла инсонлар бизни ўз яқинлари каби қучоқ очиб қарши олдилар. Икки томонга ажралиб қолган қуда-анда, қариндош-уруғлар қувончининг чеки йўқ эди. Уларга ҳадя қилиш учун олиб борган китобларимизни талашиб олардилар. "Менга беринг! Мен ўзбекчани биламан! Мен ўзбекман", – дер эди баъзилари бизга ўзини яқин олиб. Биз хурсандлигимиздан уларни қучоқлаб, дийдор муборак, қариндошлар, дедик ҳаяжон билан. Ўтиш пункти иш бошлагандан буён шу бир неча кун орасида икки халқ муносабатлари янада мустахкамланди. Икки вилоят ҳокимларининг совға алмашиши-ю, Алишер Навоий номидаги марказий истироҳат боғидаги Жомий ва Навоий боболаримиз ҳайкалларининг очилиши ҳам ана шу забардаст дўстлик истиқболига хизмат қилиб, руҳимизни кўтарди. Дўстлик жуда буюк тушунчадир. Бунга Жомий ва Навоий бобомизнинг ижоди ва ҳаёти ҳам яққол мисол бўла олади. Шулар ҳақида ўйлар эканман, дўстлик ҳақидаги фикрларим қоғозга тўкилди.
Берса арзир, неки бор, дўстлик учун,
Жонни ҳам этса нисор дўстлик учун.
Истагайдир ҳар киши дўст сўзини,
Йўқса ким бўлгай хумор дўстлик учун?
Икки эл, икки тараф тарихида,
Қолмагайму бу баҳор дўстлик учун?
Не замонлар айлади кўнгилни чок,
Ваҳ, бугун эл бахтиёр дўстлик учун.
Кел, бугун шубҳа – гумон этса дилинг,
Эритурмиз мисли қор дўстлик учун.
Айблама, бу сўзларинг ўтгуси деб,
Мен абад этгум қарор дўстлик учун!
Жумагул СУВОНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.