Ойлик иш ҳақлари ҳам тўлиқ пластик картага туширилади
Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш мақсадида Республика махсус комиссияси тавсиясига асосан аҳолига иш ҳақи ва пенсия тўловларини устувор равишда банк карталари орқали амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. Унга кўра:
– барча турдаги корхона ва ташкилотлар, шу жумладан, бюджет ташкилотлари ходимларининг ойлик иш ҳақлари ҳам босқичма-босқич тўлиқ банк карталари орқали амалга оширилади;
– корхона ва ташкилотлар раҳбарлари банк картаcи очилмаган, яъни ойлик иш ҳақини нақд пул шаклида олиб келган ходимларга хизмат кўрсатувчи банк билан биргаликда тез фурсатларда банк карталари очиб бериш чораларини кўришлари (корхона номидан тегишли ариза ва ходимларнинг паспорт нусхаларини электрон шаклда банкларга тақдим этишлари) лозим бўлади;
– очилган банк карталари хизмат кўрсатувчи банк томонидан тегишли корхона ва ташкилотларга барча санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда етказиб берилади;
– корхона ва ташкилотлар ишчи ходимлари ўз карталарини банкларга ташриф буюрмаган ҳолда, бевосита ўзлари ишлайдиган корхона ва ташкилотлардан олишлари мумкин бўлади.
Республикамизнинг барча фуқороларига яна бир бор шуни таъкидлаб ўтамизки, банк карталарини расмийлаштириш учун банкларга ташриф буюришингиз умуман талаб этилмайди.
Банк карталари сизларнинг иштирокингизсиз очилади ва хизмат кўрсатувчи банкнинг масъул ходимлари томонидан санитар қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда, нафақадаги фуқароларга яшаш манзиллари бўйича корхона ва ташкилотлар ишчи ходимлариники эса корхона ва ташкилотларнинг юридик манзили бўйича етказиб берилади.