Энди пенсия тайинлаш учун онлайн ариза бериш мумкин
Эндиликда пенсия ёшига етган фуқаролар уларга пенсия тайинланиши учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали (онлайн) мурожаат қилишлари мумкин.
Онлайн хизматдан фойдаланиш имкониятлари бўлмаган фуқаролар қўшимча равишда Давлат хизматлари марказига келган ҳолда пенсия тайинлаш учун мурожаат қилишлари мумкин.
Шунингдек, фуқаролар пенсия тайинлашни сўраб Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимига мурожаат қилиш ҳуқуқлари ҳам сақланиб қолинмоқда.
Мазкур хизматдан ушбу ҳавола орқали фойдаланиш мумкин.
Шу ўринда яна бир гап. Хўш, пенсияга чиқиш учун қандай тайёргарлик кўрилади?
Бугунги кунда кўпчилик ўз келажагига эътиборсиз қараб, пенсияга чиқиш вақти келганда афсусланиб қолиши ҳолатлари учрамоқда. Бу фуқаронинг иш стажи етишмаслиги, ойлик маош миқдорларининг камлиги ва ҳоказолар билан боғлиқ. Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси пенсияга чиқиш вақти яқинлашаётган фуқаролар учун муҳим эслатмаларни берди.
Унга кўра, ҳар бир фуқаро пенсиясини режалаштириши керак. Айни жараён молиявий режалаштиришнинг асосий жиҳати ҳисобланади.
Бунинг учун, биринчи навбатда, фуқаролар доимий иш стажига эга бўлиш учун расмий даромад келтирадиган корхона, ташкилот ёки муассасаларда меҳнат шартномасига асосан фаолият юритиши керак.
Иккинчидан, норасмий равишда меҳнат фаолияти юритаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган ҳолда мунтазам равишда ижтимоий солиқларни тўлаш орқали иш стажига эга бўлиб бориши лозим.
Учинчидан, пенсия қонунчилигига оид маълумотлар билан танишиб бориш, киритилаётган ўзгариш ва қўшимчалардан хабардор бўлиб бориш зарур.
Тўртинчидан, расмий равишда олаётган иш ҳақига эътибор қаратиш керак. Бунда, пенсия ёшига етгунга қадар охирги ўн йиллик меҳнат фаолиятидаги ойлик иш ҳақларидан пенсия ҳисобланади.
Бешинчидан, рақамлаштириш даврида яшаётганлигимизни ҳисобга олиб, фуқаролар ўз иш берувчиларидан ўзининг иш стажи тўғрисидаги маълумотларини рақамлаштиришни талаб қилиши, меҳнат фаолияти юритмаётган фуқаролар эса бандлик бўлимларига меҳнат дафтарчаларидаги маълумотларини рақамлаштиришни сўраб мурожаат қилиши лозим. Бунда, киритилган маълумотларни ONE-ID орқали текшириш мумкин.
Фуқаролар ўз меҳнат фаолиятларини юқоридаги маълумотлар асосида олиб борган тақдирда пенсия ёшида муаммолар юзага келмайди ҳамда давлат томонидан молиявий таъминланган кексалик кафолатланади.