Ўз вақтида олинмаган пенсия пулини тўлаш тартиби қандай?
Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин у томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ойдан ошмаган давр учун тўланади.
Пенсияни тайинловчи ёки тўловчи органнинг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.
Aгарда фуқаро ўз шахсий ишлари билан хорижга чиқиб кетган тақдирда, белгиланган пенсияни олиш учун ўзи ишончли деб билган инсонга “ишончнома” берганидан ва уни нотариусдан тасдиқлатганидан сўнг (нотариус ишончномани 3 йилга муддат билан тасдиқлаб беради) пенсияни тўлиқ олиш ҳуқуқига эга бўлади.
Бунда, фуқаро ҳар 12 ойда унга пенсияни тайинлаган туман ёки шаҳар Пенсия жамғармасига фуқаролик паспорти билан бориб, ишончнома орқали пенсияни давом эттиришга розилик олиши зарур. Лекин фуқаро томонидан ушбу муддат мобайнида Пенсия жамғармасига мурожаат этилмаса, пенсияни тайинлаган орган томонидан пенсияни тўлаш тўхтатилади.
Эслатма: 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтирилади.