Кўчада - ўтинчи, уйда - султон

Қадим замонда бир ўтинчи яшар экан. У ҳар куни тоғдан ўтин териб келар, шаҳарда сотиб, шундан топган ризқи билан хотини ва ўғилларини боқарди. Лекин ўғиллари оталарининг оддий ўтинчи эканидан уялишарди.

Отасидан ор қиладиган бу болалардан фарқли ўлароқ, ўтинчининг хотини жуда ақлли ва итоатгўй аёл эди. У ҳар куни эрини қувонч билан интиқ кутиб олар, чарчаб келган куни ҳам ширин сўзлар билан кутарди. У дарҳол қўлига сув қуйиб, сочиқ тутар, асбоб-ускуналарини тозаларди. Дастурхон ёйиб, чой қуйиб, овқатини ҳам тезда тайёрлаб берарди.

Эри топиб келган ҳар бир тийинни қимматбаҳо неъматдек қабул қилар ва доимо:

— Бугун одатдагидан ҳам кўп пул топибсиз! — деб эрининг қувончини оширарди.

Эри “Бугун озроқ топибман”, деган кунлари эса:

— Ҳеч хафа бўлманг, баракасини берсин. Бугун кам бўлса, эртага Аллоҳ кўпроғини берар, — деб унинг дилини кўтариб қўярди.

Бир куни ўғиллари онасидан ҳайрон бўлиб сўрашди:

— Она, отамиз оддий ўтинчи-ку, нима учун уни бу қадар ҳурмат қиласиз?

— Ҳар келганида ўзингизни қўярга жой тополмай қоласиз! — деди каттаси.

— Ҳатто отамизнинг оёқларини ҳам ўзингиз ювиб қўясиз, — деди кенжаси.

— Биз эса унинг ўтинчилигидан уяламиз, — деб якдил айтишди.

Она эса уларга меҳр билан қараб деди:

— Эҳ, болаларим... Оталарингиз кўчада ўтинчи бўлса ҳам, уйда — ҳақиқий Султон.