Кекса куйчи
Узоқ ўтмишда бир хон яшаган экан. Унинг ов қилишни яхши кўрадиган якка-ёлғиз ўғли бор экан.
Кунларнинг бирида бола кулонлар ўтлаб юрадиган кўл ёнига келибди. Овчи камонидан узилган ўқ кулонларнинг бирига тегибди. Бундан талвасага тушган бошқа кулонлар подаси қочаётиб, овчи болани оёқлари остида топтаб ташлабди.
Хон фарзанди овдан қайтмагани учун хавотир ола бошлабди. У ўғлини излаб топишга буйруқ бериб: «Агар ким ўғлимни ўлгани ҳақида хабар келтириб, кўнглимни тинчитмоқчи бўлса, мен унинг қулоқларига қайнатилган қўрғошин қуяман», дея огоҳлантирибди.
Бундай шум хабарни хонга етказишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмабди. Фақат кекса куйчи Кўр Бўғагина дўмбираси билан қўшиқ айтиб, бу ҳолни баён қилишга жазм қилибди.
Доно чол хон ҳузурига келиб куйлай бошлабди: «Ярадор кулон тоққа қочиб кетди. Овда ўғлинг Жўчихонни куни битди...».
Хон бу хабарни эшитиб кекса куйчига ўшқирди: «Овозини ўчир дўмбирангни! Эшитишни истамайман қўшиғингни! Қулоғингга қўрғошин қуяман!».
Кекса Кўр Бўға бу гапга ҳам жавоб топди: «Агар бу ишни адолат юзасидан қилмоқчи бўлсанг, унда қўрғошинни дўмбирамга қуй! Агар қайсарлик отига минган бўлсанг – қулоғимга».
Хон дўмбирада ўйиқ ҳосил қилиб, унга қайнаб турган қўрғошинни ағдарибди.
Ўша воқеа сабабми, шундан буён дўмбиранинг бағрини ўйишади.