Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Энди пенсия учун ҳужжат тўпламайсиз

Бугунги кунда вилоятимизда бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ҳисобидан 492 минг нафардан ортиқ юртдошимиз пенсия ва нафақа олади. Йилнинг ўтган даврида 38 442 нафар фуқарога янгидан пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2023 йил 31 октябрдаги “Аҳолига пенсия тайинлаш бўйича кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини янада оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2024 йил 1 январдан бошлаб фуқароларга пенсия тайинлашда қўшимча қулайлик ва имтиёзлар яратилмоқда. Яъни:

– фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда уларнинг хоҳишига кўра, Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳам мурожаат қилиш ҳуқуқи берилади;

– фуқароларга давлат пенсиялари тайинлангандан сўнг уларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варақларидаги маблағларини Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки акциядорлик тижорат Халқ банкининг мобиль иловаси орқали олиш имконияти яратилади.

2025 йил 1 мартдан бошлаб фуқароларга ёшга доир пенсияларини “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 7-моддасида белгиланган ёшга тўлиши муносабати билан алоҳида мурожаат талаб этилмаган ҳолда проактив шаклда тайинлаш тартиби жорий этилади. Ёшга доир ушбу пенсиялар Пенсия жамғармасининг ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идоралараро ахборот алмашинуви асосида олинадиган фуқаронинг иш стажи, иш ҳақи ҳамда бошқа маълумотларига асосан давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартиб ва меъёрларга мувофиқ ҳисобланади ва тайинланади.

Масалан, фуқаро Эшмаматов Тошмурот 1965 йил 15 мартда туғилган, ташкилотда ишлаб турибди. 2025 йил 15 мартда пенсия ёшига, яъни 60 ёшга тўлиши муносабати билан ундан алоҳида мурожаат, ҳеч қандай ҳужжат талаб этилмасдан проактив шаклда пенсия тайинланади.

Ушбу қарор билан фуқароларимизга жуда катта енгиллик яратилди. Яъни, энди улар иш стажини тасдиқловчи меҳнат дафтарчаси ёки бошқа ҳужжатларни излаб овора бўлмайди.

Абдурашид Раҳимов,

Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бошқармаси шуъба раҳбари.