“Балиқ сайли”: Самарқанд туманида 550 тонна балиқ етиштирилди
Туманда иккинчи марта “Балиқ сайли” бўлиб ўтди.
“Оқ Амур” фермер хўжалиги ташаббуси билан ташкил этилган сайилда вилоятда етиштирилаётган балиқ ва балиқ маҳсулотлари намойиш этилди.
Самарқанд туманида 50 гектар сунъий ҳавза, 4 гектар интенсив технология, 1 гектар айланма сув тизимлари мавжуд бўлиб, балиқчилик бўйича 16 та хўжалик фаолият кўрсатмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманда 550 тонна балиқ етиштирилиб, ўтган йилга нисбатан бу кўрсаткич 100 фоиздан зиёд ўсишга эришилган.

- Қарийб 20 йилдан буён фаолият юритамиз, - дейди “Оқ Амур” фермер хўжалиги раиси Илҳом Ҳалимов. - 20 гектар майдонда балиқ ҳавзалари ташкил этганмиз ва уларда 45 нафар кишининг бандлиги таъминланган. Шу йилнинг ўтган даврида 170 тонна чавоқ ва товар балиқ етиштирдик. Хўжаликда инновацион технологиялардан фойдаланиш, сув ресурсларини тежаш, сермаҳсул балиқ зотларини кўпайтириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Бугун соҳа ривожи учун мутахассислар томонидан янги ташаббуслар билдирилди ва биз бу таклифларни қўллаб-қувватлаш, ҳамкорликда ишлаш бўйича келишувларга эришдик.

Тадбир давомида соҳа мутахассислари балиқчиликни ривожлантириш, замонавий экотуризм йўналишларини кенгайтирш ҳамда соҳадаги илғор технологияларни амалиётга жорий этиш юзасидан тажриба алмашилди.