Самарқандда пенсия олувчилар салкам 430 минг кишини ташкил қилади

Уларга сентябрь ойидан бошлаб оширилган миқдорда пенсия пуллари тарқатилади.

2024 йил 12 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Фармонга мувофиқ, 2024 йилнинг 1 сентябридан бошлаб, пенсия ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилиши белгиланди.

Бунда:

- пенсияни хисоблашнинг базавий миқдори – ойига 428 минг сўм,

- ёшга доир энг кам пенсия миқдори – ойига 834 минг сўм,

- ногиронлик пенсияларининг энг кам миқдори – ойига 920 минг сўм этиб белгиланди.

Шу билан бирга:

- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг  энг кам миқдори - ойига 920 минг сўм,

- меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа миқдори – ойига 920 минг сўм,

- 1941-1945 йиллардаги уруш оқибатида ногирон бўлган шахслар ва унинг қатнашчилари, шунингдек, фашистлар концлагерининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг энг кам пенсия миқдори устамаларни инобатга олган ҳолда – ойига 4 миллион 56 минг сўм,

- белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан ( 834 минг сўмдан) 920 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир пенсиялари миқдори - ойига 920 минг сўм.

- зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги фуқароларга бериладиган нафақа миқдори - ойига 745 минг сўм,

- иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 745 минг сўм,

- ўзгалар парваришига муҳтож бўлган 18 ёшгача ногирон болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига бериладиган нафақа миқдори – ойига 745 минг сўм,

- боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 745 минг  сўм этиб белгиланиб, кейинги ҳар бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – 244 минг сўмдан қўшиладиган бўлди.

- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори – ойига 745 минг сўм этиб ва кейинги ҳар бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун – амалдаги тартибга мувофиқ пенсия ҳисобланиши ва тўланиши белгиланди.

Вилоят пенсия жамғармаси ҳисобида бугунги кунда жами пенсия олувчилар сони 429 628 кишини ташкил қилади. Шундан:

- ёшга доир пенсия олувчилар сони - 362353 нафар,

- ногиронлик пенсияси олувчилар сони - 41962 нафар,

- боқувчисини йўқотганлик пенсияси олувчилар сони – 25313 нафар.

Пенсия жамғармаси бошқармаси ва унинг туман (шаҳар) бўлимларида ушбу Фармоннинг ижросини таъминлашга киришилди, барча тайёргарликлар кўрилмоқда ва жорий йилнинг сентябрь ойида юқорида келтирилган тоифадаги барча фуқароларга  оширилган миқдордаги пенсия пулларини олишлари кафолатланади.

Абдурашид Раҳимов,

Молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси Самарқанд вилоят бошқармаси шуъбаси раҳбари.