Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Британиянинг БАТ компанияси Самарқанддаги “Samfruit”да улушини 36,5 фоизгача оширди

БАТ яна 512 минг акция сотиб олди. Бу йил бошидан бери улар ўртасидаги учинчи битимдир.

Биржа маълумотларига кўра, Бритиш Американ Тобакко (БАТ) Самарқанддаги “Samfruit”  компанияси капиталидаги ўз улушини яна оширди.

Биржадан ташқари савдо 22 октябрь куни бўлиб ўтди. БАТ яна 512 минг дона акция сотиб олди. Энди компания 12,4 миллион акцияга эга - бу “Samfruit”нинг 36,55 фоиз акциясини ташкил қилади.

Бу икки компания ўртасидаги 2021 йилдаги учинчи битимдир. Июн ойида БАТ “Samfruit” акцияларининг 712 мингтасини ёки капиталининг 2 фоизини сотиб олди. Сентябрь ойида у ўз улушини яна 0,99 фоизга кенгайтириб, қўшимча равишда Самарқанд компаниясининг 350 минг дона акциясини сотиб олди.

2019 йилда "УЗБАТ" қўшма корхонаси “Samfruit” билан қўшма корхона тузиш учун 11 миллион доллар сармоя киритди. Бу маблағ мева-сабзавотни сублимацион ва ҳаво ёрдамида қуритиш, қўшимча қадоқлаш ва ўраш ускуналарини харид қилишга йўналтирилиши режалаштирилган эди.

“Samfruit” Ўзбекистон-Швейцария қўшма корхонаси бўлиб, 2003 йилда ташкил этилган. Компания табиий қуритилган сабзавотлар ва қуритилган меваларни ишлаб чиқаради. Бугунги кунда бу корхона маҳсулотлари 16 давлатга экспорт қилинмоқда.

"УЗБАТ" қўшма корхонаси 1994 йилда ташкил этилган. 1997 йилда компания Самарқандда ўз фабрикасини қурган. Компаниянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармояси 400 миллион доллардан ошди.