Ўзбек тили – миллатимизнинг абадий қўшиғи

Самарқанд шаҳридаги марказий истироҳат боғида Ўзбек тили байрами муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганига 36 йил тўлиши ҳамда Ўзбек тили байрамига бағишланган тадбирда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари, олий ўқув юртлари, миллий маданий марказлари, маҳаллалар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Ҳайкал пойида ташкил этилган адабий-маърифий тадбирда, дастлаб вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов тилимизнинг қадр-қиммати ҳақида гапириб, йиғилганларни байрам билан табриклади.

Шунингдек, тадбирда  вилоятимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатида нуфузини оширишда фаоллик кўрсатаётган тилшунос олимлар, шунингдек, шоирлар ва турли миллатга мансуб талабалар ўзбек тилида шеърлар ўқиди.

Шундан сўнг ҳазрат Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилди.