Ўзбек халқининг муносиб фарзанди эди...
Муса Ерниязовнинг ўлими ҳақидаги машъум хабарни эшитиб юрагим ларзага келди.
У кишининг халқимиз, давлатимиз олдидаги хизматлари, айниқса Қорақалпоғистон диёрининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишдаги улкан хизматлари ҳақида узоқ йиллардан буён хабардорман.
Муса ака билан юзма-юз танишишим 2019 йил Мустақиллик байрами арафасида, давлатимизнинг олий мукофоти - “Ўзбекистон Қаҳрамони” олтин юлдузини олиш маросимида кечди. Биринчи бўлиб Муса Тажетдиновичнинг кўкрагига олтин юлдуз қадалди. У киши юксак мукофотни олиб шунчалик самимий сўзладики, барчамиз бу инсонни севиб қолдик.
Қарийб 20 йилдан бери севимли ўлка – Қорақалпоғистон Республикасига раҳбарлик қилди, ҳақиқий юрт отасига айланди. Унинг меҳнат фаолияти билан танишиб, Ватан ва халқ фаровонлиги йўлида қилган самарали меҳнатига қойил қоласан киши. Қорақалпоқ элининг гуллаб яшнаши, халқининг фаровонлиги йўлида қилган беқиёс меҳнати унга шуҳрат келтирди.
Шу билан бирга, Муса Тажетдинович 40 йилдан зиёд турли лавозимлардаги жўшқин меҳнати билан юксак унвон ва мукофотларга сазовор бўлди. Ҳалол меҳнат билан топилган обрў-эътибор асрларга дахлдор бўлғай.
Ҳасан Нормуродов,
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати аъзоси.
***
Бугун бу инсон ҳақида кўнглимдан шундай ўйлар ўтмоқда: Муса Ерниязов нафақат қорақалпоқ элининг, балки ўзбек халқининг ҳақиқий ватанпарвар, мард ва жасур фарзанди эди.
Мен Муса Тажетдинович билан бир неча марта суҳбатлашганман. Турли йиғинларда бирга бўлганман.
Бугун барча қорақалпоғистонликлар Муса Ерниязов номи билан ҳақли равишда фахрланади. У қаерда, қандай лавозимда ишламасин, ўз халқига, ватанига ҳалол хизмат қилди.
Муса Ерниязов олимларни, ижодкорларни жуда қадрларди. Шунинг учун ҳам у киши раҳбарлиги йилларида қорақалпоқ илм-фани тараққий этди. Нукусда кўплаб олий ўқув юртлари ва филиаллар ташкил этилди. Бунёдкорлик ишлари юксалди, одамларнинг турмуши фаровонлашди. Республика ҳудудида юзлаб янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Энг муҳими, у бир умр Президентга, давлатга, халққа садоқат билан хизмат қилди. Мустақилликни мустаҳкамлаш, халқни рози қилиш йўлида бутун умрини бағишлади. У ватан ва халқ учун оғир ва синовли бўлган даврларда ҳам тўғри қарорлар қабул қилиши билан алоҳида эътирофга сазовор эди.
Рустам Холмуродов,
Самарқанд давлат университети ректори, профессор, Олий Мажлис Сенати аъзоси.