Ўзбекистон-Финландия педагогика институтига янги раҳбар тайинланди

Бугун олий ва ўрта махсус таълим вазири Aбдуқодир Тошқулов Ўзбекистон-Финландия педагогика институти жамоаси иштирокида муассаса фаолиятини ривожлантириш юзасидан танқидий йиғилиш ўтказди.

Тадбирда вазир сўнгги вақтларда институт фаолияти юзасидан кўплаб шикоят ва эътирозлар келиб тушаётганига тўхталиб, уларда асосан ички ижтимоий-маънавий муҳит яхши эмаслиги, қариндошчилик, гуруҳбозлик авж олганини танқид қилди. 

Шунингдек, ўтган давр мобайнида талабаларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитлар яратилмагани ҳам айтиб ўтилди.

- Бу ҳолат ҳатто ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинишигача борди, – деди вазир. - Aслида ушбу муаммо олийгоҳнинг ички масаласи бўлиб, афсуски, муассаса ичида тушунтириш, муросаи мадора, ташкилий масалаларни тўғри йўлга қўйиш орқали ҳал этилиши керак эди. Aммо кўриб турганингиздек, бундан кенг жамоатчилик ҳам хабар топди. 

Июнь ойида буйруқ асосида махсус тузилган ишчи гуруҳ томонидан институт фаолияти ўрганилиб, камчиликлар юзасидан берилган огоҳлантиришларга қарамасдан ҳолат ўнгланмаган.

Акрам Бегматов институт директори (вазифасини вақтинча бажарувчи) этиб ўтган йили айни шу вақтда тайинланган эди. Бугун хизмат вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани, муассасада таълим жараёнини тўғри ташкил этмагани ва ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминламагани учун у ўз вазифасидан озод этилди.

Институтга ректор тайинлангунига қадар вазифани вақтинча бажариш Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Фахриддин Эсанбобоевга юклатилди. Унга қисқа муддатда педагогик жамоада соғлом муҳитни шакллантириш, талабалар учун зарур шароитлар яратиш, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича аниқ кўрсатмалар берилди.

Бундан кейин муассасадаги ҳар бир ҳолат ва жараёнлар вазирлик назоратида бўлиши таъкидланди.