Ўзбекистон — глобал мулоқот ташаббускори

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси тарихий аҳамиятга эга глобал воқеликлар силсиласини англаш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан муҳим платформа бўлди. Чунки ушбу сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг иштироки ва нутқи миллий манфаатларни илгари суриш билан бирга, минтақавий ва глобал муаммолар бўйича аниқ ва асосли позициялар баён этилгани билан аҳамиятли бўлди.
Президент Ш.Мирзиёев ўз чиқишида Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш, уни глобал хатарлардан муҳофаза қилиш ва минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Ушбу позиция бир томондан, Ўзбекистоннинг минтақада етакчи давлат сифатидаги нуфузини кўрсатса, иккинчи томондан, мамлакат ташқи сиёсатидаги прагматик ва ҳамкорликка асосланган ёндашувни намоён этди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида инсон ҳуқуқлари, адолат ва қонун устуворлиги каби масалаларни ҳам илгари сурди. Ижтимоий барқарорлик, таълим, соғлиқни сақлаш ва гендер тенглиги бўйича ташаббуслар БМТ кун тартибидаги “2030-Барқарор ривожланиш мақсадлари” билан уйғун эканлиги эътироф этилди.
Афғонистондаги вазиятга ҳам алоҳида тўхталган Президентимиз халқаро ҳамжамиятни ушбу давлатни яккалаб қўймасликка, балки инклюзив мулоқот орқали ҳамкорликка жалб қилишга чақирди. Ўзбекистоннинг Афғонистонда тинчлик ўрнатишда фаол ва амалий иштирокини яна бир бор тасдиқловчи ушбу чақириқ БМТ минбари орқали берилган муҳим дипломатик сигнал бўлди.
Иқлим ўзгариши, озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика инқирози ва терроризмга қарши кураш Шавкат Мирзиёев нутқининг кулминацион нуқтаси бўлди. Таъкидланганидек, бу муаммоларни бирор-бир давлат ёки минтақа алоҳида ҳал қилиши мумкин эмас. Бунга фақатгина глобал бирдамлик ва ҳамжиҳатлик орқали ечим топилади.
Шу маънода “Глобал таълим форуми”, “Иқлим ўзгаришига қарши Марказий Осиё форуми” ҳамда “Ислом сивилизацияси ва толерантлик” мавзусидаги халқаро конференцияларни ўтказиш таклифлари, айниқса эътиборга молик. Бу каби ташаббуслар Ўзбекистоннинг дунё миқёсидаги интеллектуал ва маданий майдондаги таъсирини кенгайтиришга қаратилган.
Хулоса қилиб айтганда, давлатимиз раҳбарининг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи оддий дипломатик чиқиш эмас, балки муваффақиятли ислоҳотлар натижасида халқаро нуфузини мустаҳкамлаётган, глобал сиёсий-иқтисодий жараёнларга таъсир кўрсата оладиган давлат позициясининг ифодаси бўлди.
БМТнинг 80-юбилей сессиясидаги иштирок Ўзбекистон ташқи сиёсатида янги босқични бошлаб бермоқда. Мамлакатимиз нафақат ўз ҳудудида, балки бутун минтақада ва ҳатто глобал даражада тинчлик, тараққиёт ва адолат сари дадил ҳаракат қилаётган фаол иштирокчига айланмоқда.
Наргиза АБДУЛЛАЕВА,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.