Ўзбекистон паспорти Global Passport Index 2026 рейтингида 123-ўринни эгаллади
Global Citizen Solutions компанияси эълон қилган Global Passport Index 2026 рейтингида Ўзбекистон паспорти дунё бўйича 123-ўринни эгаллади.
Рейтингда паспортлар фақат визасиз сафар имконияти бўйича эмас, балки фуқароликнинг кенгроқ имкониятлари — халқаро мобиллик, инвестициявий жозибадорлик ва ҳаёт сифати мезонлари асосида ҳам баҳоланган.
Маълумотга кўра, Ўзбекистон паспорти 30 та давлатга визасиз кириш имконини беради. Ўзбекистон фуқаролари Хитой, Андорра, Беларус, Бирлашган Араб Амирликлари, Антигуа ва Барбуда, Арманистон, Озарбайжон ва Барбадос каби давлатларга визасиз ёки виза борган жойида расмийлаштириладиган тартибда сафар қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон паспорти эгалари 93 га яқин йўналиш бўйича олдиндан виза олиши талаб этилади. Улар қаторига АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Афғонистон ва Ангола каби давлатлар киради.
Марказий Осиё давлатлари орасида энг юқори кўрсаткич Қозоғистонга тегишли — у 109-ўринда. Кейинги ўринларда Ўзбекистон — 123-ўрин, Қирғизистон — 127-ўрин, Тожикистон — 140-ўрин, Туркманистон — 144-ўринда қайд этилган.
Рейтингда биринчи ўринни Швеция эгаллаган. Кейинги ўринларда Швейцария, Финляндия, Германия ва Нидерландия жойлашган. Энг қуйи поғоналарда эса Афғонистон, Сомали, Жанубий Судан, Яман ва Сурия қайд этилган.