Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясининг масофавий ўқув курслари бошланди

Ушбу курсларга академиянинг Самарқанд филиалидан қатнашяпман. Тўғриси, таълимнинг бу усулида малака оширишни катта қизиқиш билан бошладим.

Аввало, масофавий курсларда таҳсил олиши белгиланган бошқарув кадрлари рўйхати шакллантирилди. Уларга логин ва пароллар берилди ҳамда https://mok.dba.uz/ порталидаги масофавий курслардан рўйхатдан ўтказилди.

Масафовий курслар тўғрисидаги зарурий ахборот билан тезкор тарзда танишиб бориш учун бошқарув кадрлари https://t.me/masofaviykurslar телеграм канали ҳам ташкил этилди. Ушбу каналда ўқув курсига алоқадор маълумотлар тезкор жойлаб борилмоқда.

Дастлаб менга берилган логин ва пароллар орқали юқоридаги айтилган сайтга кирдим. У ерда “Бошқарув маҳорати ва замонавий бошқарув” масофавий ўқув курсининг ўқув режаси ва ўқув дастури, “Масофавий курсларга кириш”, “Ўқув курснинг режаси ва дастури”, “Таълим порталидан фойдаланиш қоидалари” мавзулари билан танишиб чиқдим. Кейин кириш тестини топширдим. Тестлар давлат бошқаруви, раҳбарлик сифатлари, жамоада ишлаш, Президент нутқлари, Олий Мажлис, иқтисодий кўрсаткичлар каби йўналишлар бўйича экан. Одамни изланишга ундайди. 50 та тест, вақт эса 50 дақиқа. Ишхонадаги раҳбарият томонидан бўш вақт ажратиб беришмаса, фикрни тўплаб тест ечиш қийин. Иш жойимда ўтириб тест ишлаш жараёнида хизмат юзасидан 10 мартагача телефон қўнғироқлари ва топшириқлар бўлди.

Шу ўринда айтиш жоизки, масофадан ўқишга жалб этилганлар учун айнан ўқиш даврида алоҳида иш режими белгиланиши керак. Акс ҳолда маърузаларни ўзлаштириш самараси тушиб кетади...

Кириш тести топширилганидан сўнг тингловчи учун масофавий малака ошириш курсининг 12 та модулига киришга рухсат берилади. Тингловчи ҳар бир модул юзасидан маърузалар матни ва тақдимот материаллари, видеоролик ва адабиётлар орқали мавзуларни ўзлаштириш керак. Тингловчи ҳар бир модулнинг ўқув материалларини ўзлаштирганидан сўнг модул юзасидан топшириқни бажариши ва топшириқ жавобини электрон шаклда порталга юклаши лозим. Порталга топшириқ жавоби юкланганидан сўнг модул юзасидан оралиқ тест саволларини ечишга, барча модуллардаги топшириқ ва тест саволлари тингловчи томонидан топширилгач ва 80 фоиздан юқори балл тўплангандан сўнг масофавий курснинг барча модуллари бўйича чиқиш тестига рухсат берилади. Чиқиш тестларидан 56 фоиз ва ундан юқори кўрсаткич олган тингловчи малака ошириш курсларини тўлиқ ўзлаштирган ҳисобланади ва ушбу тингловчига ўрнатилган намунадаги сертификат тақдим этилади.

Акобир ШАМСИЕВ,

Давлат бошқаруви академиясининг Самарқанд ҳудудий филиали тингловчиси.