Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форумида 170 дан ортиқ меморандум имзоланди
Хабар қилганимиздек, Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон — Россия халқаро соғлиқни сақлаш форуми бўлиб ўтди.
Ушбу нуфузли анжуманда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов, Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири М.Мурашко, шунингдек дипломатик корпус вакиллари, ҳар икки мамлакатнинг етакчи тиббиёт олий ўқув юртлари ректор ва профессорлари, нуфузли тиббиёт клиникалари, илмий тадқиқот институтлари, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, йирик фармацевтика ва тиббиёт компаниялари раҳбарларидан иборат 500 нафар қатнашчи иштирок этди.
Анжуманда тиббиёт соҳасини рақамлаштириш бўйича қўшма лойиҳалар, кадрларни тайёрлаш, қайта ўқитиш ва уларнинг малакасини ошириш дастурларини амалга ошириш, биргаликда илмий-амалий анжуманлар, маҳорат дарсларини ўтказиш, илмий тадқиқотларни олиб бориш, нейрохирургия, педиатрия, хирургия, кардиология, онкология йўналишларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Форум доирасида қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш, Ўзбекистонда Россия тиббиёт таълим муассасалари филиалларини ташкил этиш, соғлиқни сақлаш соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, шерикликнинг янги шаклларини жорий этиш бўйича 172 та меморандум ва қатор келишувлар имзоланди. Шунингдек, томонлар ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ва ривожлантириш бўйича резолюция қабул қилдилар.
Анжуманда Ўзбекистонда тиббий таълимни ривожлантириш, мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ҳамда икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун Россия Федерацияси Соғлиқни сақлаш вазири М.Мурашко, Санкт-Петербург давлат педиатрия тиббиёт университети ректори Д.Иванов, Н.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ректори С.Лукьянов, Россия узлуксиз касбий таълим тиббиёт академияси ректори Д.Сичев ҳамда Россиянинг бошқа қатор тиббиёт олий таълим муассасалари, илмий тадқиқот институтлари ва ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари раҳбарларига “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони топширилди.
Шунингдек, бир гуруҳ россиялик мутахассисларга ташаккурномалар ва Ўзбекистон ОТМларининг фахрий профессори унвонлари берилди.