Ўзбекистонда 846 бемор коронавирусдан даволанмоқда, 11 нафарининг аҳволи оғир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:

– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясини юқтирган фуқаролар сони 3 минг 769 нафарга етди. Улардан 2 минг 908 нафари, яъни 77 фоиздан зиёди тўлиқ соғайган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 846 бемор даволанмоқда, 10 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Кейинги пайтларда аҳоли орасида касалликка чалинганлар аниқланаётгани барчамизни сергак торттириши керак. Ҳар биримиз кўчага чиққан пайтда ўзимизни маълум бир даражада хавф остига қўямиз. Шундай экан, заруратсиз кўчага чиқишдан ўзингизни тийинг.

Ҳар биримизнинг ҳаракатимизга боғлиқ ҳолатда эпидемик вазият ижобий ёки салбий томонга ўзгаради. Агар аҳоли орасида касаллик қайд этилиши давом этса, карантин ва чеклов тадбирлари янада кучайтирилиши мумкин.