Ўзбекистонда Экополиция тузилади

Давлатимиз раҳбари "Экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган бошқарув тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ:

- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси сифатида қайта ташкил этилади;

- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг негизида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ташкил этилади;

- Ўзбекистон Республикаси Президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси – Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси лавозими киритилади;

- Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг асосий вазифаларидан ташқари, Экология қўмитаси “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд”, “Тоза ҳаво”, “Яшил макон”, “Эко-маданият” ва “Био мерос” умуммиллий лойиҳаларини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади;

- Экология қўмитаси ҳузурида 15 нафаргача хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади;

- Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасининг Давлат экологик назорат инспекцияси (Экополиция) ташкил этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарорига кўра, Экополиция ходимларига жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни (электрошок қурилмаларини) ва хизмат қуролини (резина ўқли, тўр отувчи) қўллаш ҳуқуқи берилади ҳамда уларнинг махсус кийимига боди камералар ўрнатилади.

Шунингдек, экология бўйича ҳудудий бўлинмалар ва туман (шаҳар) бўлимлари маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари тузилмасига кирмайди ҳамда ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ва Экология қўмитаси олдида ҳисобдор бўлади.