Ўзбекистонда коронавирус бемори билан мулоқотда бўлганларни аниқловчи илова яратилди

— Одатий ҳаётга қайтиб, чекловлар бекор қилинганда касаллик қайта оммавий тарқалмаслиги бўйича Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Ушбу саволга Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова жавоб берди.

“Вазирлик ташаббуси билан “Project Managers” корхонасининг ёш дастурчилари касаллиги аниқланган бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлаш жараёнини автоматлаштириш мақсадида “Birga Yengamiz” номли мобил илова яратди.

Мазкур мобил илова Android ва iOS қурилмалар учун мўлжалланган.

Илованинг асосий вазифаси — бемор билан охирги 14 кун ичида яқин масофада ва муайян вақт алоқада бўлган шахсларни аниқлаш ва зарур холларда уларни карантинга жойлаб, вируснинг янада кенг тарқалишининг олдини олишдир.

Оксфорд университети олимларининг таъкидлашича, аҳолининг камида 60 фоизи мазкур иловалардан фойдалансагина, у самара беради.

Ҳозирда мазкур иловани “PlayMarket” ва “AppStore” платформаларида жойлаштириш бўйича музокаралар олиб борилмоқда”, деди Абдуқундузова.