Хорижда пандемиядан фойдаланиб, қалбаки тест сертификатлари тайёрлайдиганлар кўпайди

Пандемия сабабли саёҳатга чекловлар сақланиб қолган бир пайтда Европа мамлакатларида фирибгарлар қалбаки “COVID-19”га тест сертификатларини ишлаб чиқариш ва сотишни йўлга қўйишмоқда. Бу ҳақда Европа полициясининг Европол хизмати хабар берди. Унинг сўзларига кўра, саёҳатчиларга интернет ва уяли хабар алмашиш чат гуруҳлари орқали коронавирус касаллиги йўқлигини тасдиқловчи сохта тест сертификатларини сотиш бўйича бир нечта ҳолатлар аниқланган.

Европолнинг Twitterдаги баёнотида "жиноятчилар пандемиядан фойдаланиш учун ҳар нарсага тайёр: сохта шахсий ҳимоя воситалари, қалбаки вакцина ва эндиликда қалбаки салбий тест натижалари..." дея огоҳликка чақирди.

Буюк Британияда фирибгарлар сохта сертификатни 100 фунтга таклиф қилишган бўлса, Испанияда хизмат ҳақи 40 еврога баҳоланди. Ўтган йили Франция полицияси Париж яқинидаги Шарль де Голль аэропортида бир нечта фирибгарлик тўрларини фош этди. Сохта сертификат тайёрлаш учун жиноятчилар юқори сифатли принтер ва турли дастурлардан фойдаланишмоқда. Натижада сохта ҳужжат асл нусхасидан деярли фарқ қилмайди.

Г.Холдорова тайёрлади.