Ўзбекистонга импорт қилинадиган электромобилларга қайта ўрнатилган божхона божи бекор қилинди
Ўзбекистонга олиб кириладиган электр автомобилларга қайтадан жорий қилинган божхона божи бекор қилинди. Бу Ўзбекистон Президентининг 9 декабрдаги «Йўл соҳасини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.
Қарорга кўра, ўзгариш ТИФ товар рақами 870380 бўлган, фақат электр двигателида ҳаракатга келтириладиган транспорт воситалари импортига тааллуқли.
Жорий йил бошидан электромобиллар импорти божхона божидан, ёздан буён эса акциз солиғидан озод қилинган эди. Бироқ 2019 йилнинг октябрь ойида чиққан Президент қарорига асосан 2020 йил 1 январдан бошлаб электромобиллар импорти учун 10 фоизли божхона божи жорий қилинган эди.
Президентининг 9 декабрдаги қарори эса октябрь ойида жорий қилинган 10 фоизли божхона божини бекор қилди. Бундан буён электромобилларни божхона божи ва акциз солиғисиз импорт қилиш мумкин. Фақат божхона расмийлаштируви учун тўловни ва ҚҚСни тўлаш керак бўлади, холос.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.