Ўзбекистоннинг биринчи бош прокурори

Биринчи даражали давлат адлия маслаҳатчиси Бўритош Мустафоев ҳаёт бўлганида 75 ёшга кирган бўлар эди.

Устозим ҳақида ёзиш мен учун фахр. Негаки, бутун фаолиятим давомида ана шу фидойи инсоннинг, атоқли давлат арбобининг одамгарчиликда бетимсол кишининг ёнида туриб ишладим, маслаҳатигина эмас, беминнат кўмакларига сазовор бўлдим. Муҳими, бундай инсонлар Ўзбекистонимизда саноқли эканлигига ўша пайтдаёқ ишонч ҳосил қилганман.

Бўритош ака Хатирчидаги оддий деҳқон оиласида туғилиб вояга етган. Илмга чанқоқлик, зеҳн, заковат, фаросат каби ажойиб хислатлар бутун умри давомида у кишига қувват манбаи бўлиб келган. Шундай фазилатларга эга бўлган одамгина икки-уч уринишдан сўнг Тошкент давлат университети юридик факультетига ўқишга киришига ҳамда оддий терговчиликдан республика бош прокурори даражасига эришиши мумкин эди.

- Бўритош билан бир гуруҳда ўқиганмиз. Ундаги ғайрат-шижоатга, қаноат ва сабрга ҳавас қилганмиз. Биздан сал ёшроқ бўлса-да, фанларни ўзлаштиришда барчамизга ибрат бўлар эди, - дейди фахрий судья Иброҳим Очилов. - Унда нафақат оғайниларга, балки ҳамкасбларга, шогирдларга нисбатан ҳам оқибат кучли эди.

Б.Мустафоев билан ишлаш жараёнида камина у кишининг ўз касбини пухта билишга интилганини, хориж ҳуқуқшунослигини ўрганганини, ҳар бир масалада босиқлик билан хулоса чиқарганини кўрганман. Эҳтимол, шунинг учундир Нарпай туманидаги ёши улуғлар ҳали-ҳалигача туман прокуратурасининг оддий терговчиси, кейинчалик прокурор ўринбосари бўлиб ишлаган Б.Мустафоев ҳақида ҳурмат билан гапирадилар. Бўритош ака кейинчалик ишлаган бошқа вилоятлардан ҳам ана шундай илиқ хотиралар эшитаман.

Бўритош аканинг ютуғи шунда эдики, у киши прокуратурада оддий иш йўқ деб ҳисобларди. Чунки ҳар бир иш инсоннинг ҳаёти, тақдири билан боғлиқ, бу тақдирга эса бефарқ ёки бирёқлама қараш мумкин эмас. Ана шу фазилати, нуқтаи назари туфайли бу инсон тезда ҳамкасблари ўртасида нуфузга эга бўлди ва юқори ташкилотлар раҳбарлари назарига тушди.

Ҳеч ким инкор эта олмайди. Мустақилликнинг дастлабки йилларида жиноятчиликка қарши курашда кенг миқёсли тадбирлар амалга оширилди. Бу режа ва лойиҳанинг муаллифи айнан Ўзбекистон Бош  прокурори Б.Мустафоев эди. Бу инсон мамлакат раҳбариятига асл жиноятнинг илдизларини, сабабларини, уларга қарши кураш йўлларини тушунтира олди. Чунки ўзи ана шу руҳият билан яшарди. Шунинг учун мустақилликнинг ҳуқуқий асосларини яратишда ташаббускор сафида тарихда қолди.

Бўритош аканинг қудрати унинг қаноатида, иродасида, илмида эди. Доим китоб мутолаа қиларди ва биздан ҳам ана шуни талаб этарди. Ҳанузгача биз, ҳамкасблари (айниқса тенгдошларим) устознинг ана шу турмуш тарзига риоя этиб келяпмиз. Бу инсон ҳар қандай мураккаб вазиятда ҳам сабрли, чидамли бўлди, ўзининг ҳақлигига, ҳақиқат доимо ғалаба қозонишига ишонди, то вафотига қадар ана шу ишонч билан яшади.

Б.Мустафоев Ўзбекистон Президенти давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, Адлия вазири, Олий суд раиси, Ўзбекистон Конституцион суди раиси, Марказий сайлов комиссияси раиси сифатида ишлаш жараёнида қонунчилигимизни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшди ва кўплаб қонунларга демократик жараёнларни чуқурлаштириш, жиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан салмоқли таклифлар кирита олди.

Б.Мустафоев инсон сифатида минглаб ҳамкасблари, қолаверса, Ўзбекистон халқининг ҳурматини қозона олди. Чунки у кишининг бирор даврада бирорта ютуғи ёки мансаби билан кибрланганини, бировга баланд овоз билан гапирганини эшитмаганмиз. Аксинча, соҳа ходимларини ҳимоя қилишда, уларни тарбиялашда бугунга қадар ҳеч ким қилолмаган ишларни амалга оширган эди. Шунинг учун ҳам йирик давлат арбоби, таниқли ҳуқуқшунос, ўзбекнинг чинакам фарзанди Бўритош Мустафоев номи кўплаб давраларда, ҳамкасблар машваратларида, хонадонлардаги суҳбатларда бугун ҳам ҳурмат билан тилга олинади. Мен ҳам ана шундай улуғ инсоннинг шогирди, укаси сифатида бақамти ишлаганимдан, эзгу ишларда ҳамкорлик қилганимдан фахрланаман.

Эркин Абзалов,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси фахрийси, 3-даражали давлат адлия маслаҳатчиси, юридик фанлар номзоди.