Ўзбекистоннинг ташқи қарзи миқдори эълон қилинди
Молия вазирлиги берган маълумотга кўра, Ўзбекистоннинг давлат ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан 23,8 фоизни ташкил этади.
Қайд этилишича, умумий давлат қарзи 33,6 фоизни ташкил этиб, Халқаро валюта жамғармаси баҳосига кўра, мўътадил даражада ҳисобланади. Дунё мамлакатларининг умумий қарзи сўнгги йилларда жиддий ошиши кузатилиб, БМТнинг Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси (UNCTAD) маълумотларига кўра, 2017 йилда 213 триллион доллар ёки ЯИМга нисбатан 262 фоизни ташкил этган.
Вазирлик маълумотига кўра, Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси билан биргаликда ўрта муддатли қарзни бошқариш стратегияси илк бора ишлаб чиқилган. Халқаро экспертлар ёрдамида макроиқтисодий барқарорлик учун хавфсиз давлат қарзининг меъёрий миқдорлари Халқаро валюта жамғармасининг методологияси асосида ҳисоблаб чиқилди.
Ўзбекистон учун молиявий хавфсиз бўлган давлат қарзи меъёрларини ишлаб чиқишда 2030 йилгача бўлган иқтисодий ўсиш прогнозлари, инвестицион талаблар, республика иқтисодиётининг айрим ташқи ва ички рискларга чидамлилиги, сўмнинг девалвацияси, Ўзбекистоннинг энг катта савдо ҳамкорлари — Россия, Қозоғистон, Хитой, Туркиядаги иқтисодий ўсиш ва валюта тебранишлари, уларнинг экспорт ва республика иқтисодиётига таъсири ўрганиб чиқилган.
Яна таъкидланишича, Давлат бюджети қонуни лойиҳасига ташқи қарз олишга миқдорий чекловлар таклиф этилди. Бюджетнинг қонун билан тасдиқланиши Ўзбекистон тарихида биринчи марта рўй бермоқда. «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун парламент томонидан қабул қилиниб, Президент томонидан имзолангач, кучга киради.
Қонун 30 ноябрь, шанба куни Тошкентда Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида муҳокама қилинади.