"Ўзбеккино" Беларусда "Илҳақ" фильмининг ҳарбий саҳналарини суратга олади
“Ўзбеккино” Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 75 йиллигига бағишланган “Илҳақ” фильмининг Ўзбекистондаги суратга олиш жараёнини якунлади. Энди фильмни суратга олиш гуруҳи Беларусга юборилди. У ерда фильм учун ҳарбий саҳналар суратга олинишини маълум қилмоқда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ахборот хизмати.
“Илҳақ” тарихий фильми бўлган воқеаларга асосланган. Ушбу фильм урушда бешта ўғлини: Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжон Холматовларни йўқотган Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, Хонобод қишлоғида яшаган Зулфия Зокированинг фожиали ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади.
"Фильмни яратиш ғояси шахсан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли", деди "Ўзбеккино" раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.
- Дастлаб фильм фақат Ўзбекистон ҳудудида рўй берган воқеалар ҳақида суратга олиниши керак эди. Аммо кейинчалик сценарий Зулфия Зокированинг ўғиллари қандай қилиб қаҳрамонона жанг қилгани ва жанг майдонларида ҳалок бўлганлиги тасвирланган жанг саҳналари сценарийга киритилди, - деди фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. - Биз аллақачон “Беларусфильм"да бўлганмиз ва ҳамкасблар билан ушбу фильм устида биргаликда ишлаш тўғрисида келишиб олганмиз.