Ўзларини АОКА ходими сифатида таништириб, боғча мудираларидан пул талаб қилган шахслар қўлга олинди

Андижон шаҳридаги мактабгача таълим бўлимига қарашли 6-, 33-, 47-, ва 61-мактабгача таълим ташкилотларида ўзларини “Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ходимлари” деб таништирган фуқаролар — А.А. ва М.А. муайян муаммоларни аниқлаб, муассасалар раҳбарларидан пул талаб қилган.

Хусусан, улар Андижон шаҳридаги 3 та мактабгача таълим ташкилотини “текшириб”, уларнинг фаолиятида турли камчиликлар аниқлаб, муассаса раҳбарларидан жами 1 000 000 (бир миллион) сўм миқдорида пул маблағини ноқонуний тарзда талаб қилиб олган. Уларнинг хатти-ҳаракатларидан норози бўлган Андижон шаҳридаги мактабгача таълим бўлимига қарашли 61-МТТ раҳбари мазкур таъмагирлик ҳолати юзасидан вилоят ички ишлар бошқармасига мурожаат қилган.

Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида 2021 йилнинг 19 январь куни А.А. ва М.А. Андижон вилоятининг Марҳамат туманида жойлашган 28- МТТ фаолияти бўйича материал тайёрлаш мақсадида муассаса раҳбаридан 200 000 (икки юз минг) сўм миқдорида пул маблағи олаётган вақтида туман ички ишлар бўлими масъул ходимлари томонидан қўлга олинди. Уларга тегишли қалбаки гувоҳномалар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Текшириш давомида ушбу шахслар “Халқ иродаси” журнали таҳририяти томонидан берилган гувоҳномаларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги номи ёзилган ҳамда давлат рамзи (герби) қўйилган гувоҳномалардан фойдаланиб, боғчалар фаолиятини текшириб юрганлиги маълум бўлди. Улар “Халқ иродаси” журнали таҳририятида жамоатчилик шартномаси асосида ишлаб келган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти Марҳамат тумани ИИБ томонидан терговга қадар суриштирув ишлар олиб борилмоқда.

Агентлик бу каби ҳолатлар такрор содир этилгани боис барча юртдошларимизни ҳушёр ва огоҳ бўлишга чорлайди. Барча таҳририятларга эса бу каби ҳолатлар юз беришининг олдини олиш чораларини кўришни сўрайди. Шунга ўхшаш ҳолатлар юз берганда Агентликнинг ишонч телефони - 71-244-23-34 рақамига қўнғироқ қилинг. Зеро, ҳужжатларни қалбакилаштириш — оғир жиноят. Жиноятга эса жазо муқаррар.